Ўзбекистоннинг ташқи ва ички қарзлари ҳақида маълум қилинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида мамлакат молия вазири Тимур Ишметов Давлат бюджетининг 2020 йил 6 ойлик ижроси юзасидан ҳисобот берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида мамлакат молия вазири Тимур Ишметов Давлат бюджетининг 2020 йил 6 ойлик ижроси юзасидан ҳисобот берди. Унда Ўзбекистоннинг ташқи ва ички қарзлари ҳақида ҳам маълумотлар айтилди.
Ҳисоботда келтирилишича, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Ҳукумати номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз маблағлари қолдиғи 19,6 миллиард АҚШ доллари эквивалентини ташкил этган. Хусусан, давлат ташқи қарзи 17,3 миллиард АҚШ долларига етган. Давлат ички қарзи эса 2020 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 0,3 миллиард АҚШ долларига ошиб, 2,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармасини молиялаштириш учун жорий йилнинг ўтган 6 ойида 1 миллиондан зиёд АҚШ долларига тенг маблағлар жалб қилинди. Жаҳон банки томонидан Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси (2-транш) юзасидан қўшимча молиялаштириш сифатида 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит 30 йил муддатга ажратилди.
Мазкур кредитнинг фоиз тўловлари йилда икки марта (15 июнь ва 15 декабрь) амалга оширилиб, жорий йилда 2,1 миллион АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Асосий қарз тўловлари имтиёзли давр тугагандан кейин 2025 йилдан кредитнинг асосий қисмини сўндириш бошланади ҳамда ҳар йили 8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Халқаро валюта жамғармаси томонидан республика иқтисодиётига коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 375 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит маблағлари ажратилди. Имтиёзли кредитлар ўз ичига 10 йил муддатга (шундан, 5 йил имтиёзли давр) 125 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси ва 5 йил муддатга (шундан 3 йил имтиёзли давр) 250 миллион АҚШ доллари эквиваленти 1,05 фоиз ўзгарувчан ставкадаги тезкор молиялаштириш инструментини олади. 10 йиллик кредит бўйича фоиз тўловлари амалга оширилмайди. Асосий қарз тўловлари йилда икки марта имтиёзли давр тугагандан кейин, 2025 йилдан сўндириш бошланади ҳамда йиллик 18,4 миллион SDR ёки 25,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Осиё тараққиёт банки томонидан 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бюджетни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит 15 йилга (шундан, 3 йил имтиёзли ) ўзгарувчан ставкада (6 ойлик либор + 0,5 фоиз) ажратилди. Бугунги кунда жами ўртача йиллик фоиз ставкаси -0,9 фоиз ташкил этмоқда. Ушбу кредитнинг фоиз тўловлари йилда икки марта (15 апрель ва 15 октябрь) амалга оширилиб, жорий йилда 1,2 миллион АҚШ долларини (2020 йилда тўлов бир марта бўлиши ҳисобига) ташкил этиши кутилмокда. Асосий қарз тўловлари имтиёзли давр тугагандан кейин, 2023 йилдан бошланади ҳамда ҳар йили 41,7 миллион АҚШ долларини ташкил этади.