Ўзбекистон ва Япония илмий-техникавий ҳамкорлиги янада кенгаяди
Нагоя университетидан олти нафар Нобель мукофоти лауреати етишиб чиққан. Уларнинг тўрт нафари, физика, икки нафари кимё фани бўйича совриндор бўлган.
Беҳзод Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти:
– Нагоя университетидан олти нафар Нобель мукофоти лауреати етишиб чиққан. Уларнинг тўрт нафари, физика, икки нафари кимё фани бўйича совриндор бўлган. Улар орасида Рёжи Ноёри нафақат кимё соҳасида муҳим кашфиётлар қилган, балки уларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатган. Унинг 500 дан ортиқ илмий мақоласи чоп этилган, кашфиётларига қарийб 200 та патент олинган, шу орқали янги технологиялар яратилган. Олим талабаларни тайёрлаш, уларни тадқиқотга жалб этиш, Ўзбекистон билан илмий-техникавий алоқаларни ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Ўзбекистон Фанлар академияси унинг бу борадаги хизматларини эътиборга олиб, олимга ЎзРФА фахрий академиги унвонини топширди.
Ўзбекистон учун Нагоя университети салоҳиятидан фойдаланиш муҳим. Университет илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик фаннинг қатор йўналишлари бўйича истиқболли дастурларни амалга ошириш имконини беради. Биз физика, кимё, ахборот технологиялари бўйича алоқаларни ривожлантиришни режалаштирганмиз. Шунингдек, ижтимоий фанлар бўйича ҳам олдимизга катта мақсадлар турибди. Уларнинг ижроси мамлакатларимиз илмий-техникавий ҳамкорлигини янада кенгайтиришга хизмат қилади.