Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев билан билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев билан билан телефон орқали мулоқот қилди.Давлатимиз раҳбари мулоқот аввалида Қирғизистон Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этди.
Қирғизистон Президентининг қардош халқларимиз ўртасидаги анъанавий яқин ва яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, Ўзбекистон – Қирғизистон ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтиришда тутган ўрни ва фаол саъй-ҳаракатлари чуқур мамнуният билан алоҳида қайд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани, ўзаро ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилгани таъкидланди.
Турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари раислигида Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолият кўрсатмоқда, давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ишларини якунлаш бўйича фаол музокаралар олиб борилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи чоғида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартнома имзолангани ҳамкорликдаги ишларнинг энг муҳим натижаси бўлди.
Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, йил бошидан буён товар айирбошлаш 60 фоизга ўсди. Автомобилсозлик, қишлоқ хўжлиги машинасозлиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳамкорлик бўйича истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари шафеълигида фаолият юритадиган Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгашининг амалий фаолиятини ташкил этишни тезлаштириш ҳамда маданий-гуманитар соҳада янги дастурларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот сўнггида Ўзбекистон Президенти Қирғизистон Президентини яна бир бор самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ ва муваффақият, қардош қирғиз халқига тинчлик, осойишталик ва фаровонлик тилади.