Сенатда қандай муҳим масалалар кўтарилди? (+видео)
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган мажлисга Сенат Раиси Танзила Норбоева раислик қилди.
Мажлисда Сенат Раиси Давлат Раҳбарининг қарор ва ташаббусларидан келиб чиқадиган вазифалар парламент фаолиятининг барча йўналишларига оид режа ва дастурларда аниқ акс этиши зарурлигини таъкидлади.
Хусусан, жорий йил 16 ноябрда қабул қилинган Президент фармонининг ҳар бир бандини чуқур ўрганиш, уни амалга ошириш бўйича аниқ масъуллар ва ижро муддатларини белгилаш муҳимлиги қайд этилди.
Бунда аҳоли томонидан кўтарилган ҳар бир масала сессияда муҳокама қилинганидан сўнг аниқ чора-тадбирлар белгиланиши шартлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, муаммони ким ва қачон ҳал этиши, ижросини ким назорат қилиши ҳамда натижалар қачон кўриб чиқилиши қатъий белгилаб қўйилиши лозим.
– 2027 йил маҳаллий вакиллик органлари учун масъулиятли йил бўлади, - деди Т.Норбоева. – Кенгашлар фаоллиги сайловчилар кўтарган масалаларга топилган ечимларда кўриниши керак. Бу вазифаларни бажаришда олимлар ва соҳа мутахассислари тажрибасидан ҳам самарали фойдаланиш зарур. Жойлардаги сенатор ва депутатларимиз сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган, ҳудуд учун долзарб аҳамиятга эга бўлган масалаларни атрофлича ўрганиб, лойиҳавий ёндашув асосида тегишли қўмиталарга аниқ таклифлар киритиб бориш амалиётини тизимли йўлга қўйишимиз керак. Келгуси йилдан фаолиятимиз самарадорлигини баҳолашда ушбу тизим натижадорлиги асосий мезонлардан бири бўлади.
Икки кун давом этган ялпи мажлисда мамлакат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлик, фуқароларнинг уй-жой ҳуқуқлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ижтимоий соҳага оид қатор муҳим қонунлар кўриб чиқилди.
Кун тартибидан ўрин олган энг муҳим ҳужжатлардан бири – мамлакатимиз тарихида илк бор алоҳида яхлит қонун сифатида ишлаб чиқилган «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонун бўлди.
Унга мувофиқ, сафарбарлик даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларнинг иш жойи сақлаб қолинади, улар солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилади, кредит тўловлари эса кечиктирилади.
Мамлакатимизнинг халқаро нуфузини оширишга ҳисса қўшаётган хорижий ҳамкорларни тақдирлаш мақсадида «Ўзбекистон эҳтироми» орденини таъсис этиш тўғрисидаги қонун маъқулланди.
Қурилиши якунланмаган кўп қаватли уйларга фуқароларни кўчириб киритиш ҳолатларига чек қўйишга қаратилган қонунда бунга йўл қўйган буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар мансабдорларининг жиноий жавобгарлиги белгиланди.
[gallery-32776]
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эса тезликни белгиланган меъёрдан 40, 60 ва 80 километр/соатга оширганлик учун жарималарни кўпайтириш, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш чораларини кучайтириш назарда тутилди.
Бундан ташқари, сенаторлар божхона, наркожиноятчиликка қарши курашиш, киберхавфсизлик ва давлат сирларини муҳофаза қилишга оид қонунларни ҳам маъқулладилар.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунида ер тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунлар ҳам муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам атрофлича таҳлил қилинди.
Кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео),
Искандар Исматов (монтаж), ЎзА