Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашди
ШҲТнинг Остона саммити доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашди.
Остона, 9 июнь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади.ШҲТнинг Остона саммити доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашди.
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти билан бу галги учрашуви икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик алоқаларни кенгайтиришда муҳим босқич бўлиши, Самарқанддаги учрашувда эришилган келишувларни мазмунан бойитишини таъкидлади.
Алмазбек Атамбоев ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий қардошлик муносабатлари, урф-одат ва анъаналари ўхшашлиги ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.
Кейинги пайтларда икки давлат ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар алмашинуви амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз жамоатчилиги вакилларининг Андижон ва Ўш шаҳарларига ўзаро ташрифи бўлиб ўтди.
Президентлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш масалаларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик қатор муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.