Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш нафақат, уларнинг жамиятда фаол бўлишини таъминлашда, балки уларнинг доимий даромадга эга бўлиб, ҳаёти фаровонлашишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шундай амалий ишлар Шофиркон туманида ҳам давом этмоқда. Хусусан, давлат гранти асосида Бухоро давлат университетининг мусиқа йўналишида таҳсилни якунлаган Зарнигор Муҳиддинова ҳам кўп корхона ва ташкилотларга иш сўраб борди. Иш излашдан чарчаган Зарнигор туман “Инсон” ижтимоий хизматлари марказига иш сўраб, мурожаат қилди.
Мурожаат юзасидан унинг оиласи комплекс баҳоланди. Ижтимоий хизматлар режаси тузилди. Масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик асосида у тумандаги мактабга, кейинчалик 11-сон мактабгача таълим ташкилотига хореография мураббийси сифатида ишга жойлаштирилди. Онаси Зубайда опа эса “Аёллар дафтари”га киритилди. Унга белгиланган тартибда ёрдам кўрсатилди. Ҳозир 3 қути ипак қурти парваришига жалб қилинган оила ҳалол меҳнат билан даромад топаётганидан хурсанд.
--Давлатимизга раҳмат, менинг оилам, фарзандларимни ўйлаб имкониятлар яратиб берди, --дейди Зубайда опа. -- Ижтимоий хизматлар режаси асосида оиламиздагиларнинг бандлиги таъминланди. Энди барча оила аъзоларимиз меҳнат билан банд.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири