Зарбдорда сувни тежашга бағишланган семинар
Жиззах вилоятида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва суғориш самарадорлигини ошириш масалалари яна бир бор амалий синовдан ўтди.
Зарбдор туманидаги ДМ-2 канали ПК-216 пикетида “Зомин” ирригация тизими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган семинар соҳадаги долзарб масалаларга ечим излашга қаратилди.
Мазкур тадбир мамлакатимизда сув хўжалигини модернизация қилиш ва бошқарув самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлди. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 9 октябрдаги “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонларида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг жойларда изчил татбиқ этилаётгани ушбу амалий мулоқотда яққол кўзга ташланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда умумий сув ресурсларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига йўналтирилаётгани, шу билан бирга суғориш тармоқларида маълум миқдорда йўқотишлар сақланиб қолаётгани соҳада самарадорликни оширишни ҳаётий заруратга айлантирмоқда. Шу нуқтаи назардан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, каналлар ва тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш, ҳисоб-китоб ва назорат тизимини кучайтиришга бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда.
Семинарда соҳа мутахассислари ва тизим ходимлари иштирок этиб, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ирригация тармоқлари самарадорлигини ошириш каби масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Илмий таҳлил ва амалий тажриба уйғунлигида кечган муҳокамалар ҳар бир томчи сув ортида улкан масъулият мужассам эканини яна бир бор намоён этди.

Мутахассислар томонидан ўтган йиллар тажрибаси синчковлик билан таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар ва тизимдаги мавжуд муаммолар очиқ-ойдин муҳокама қилинди. Натижада сув етказиб бериш самарадорлигини ошириш, суғориш тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган аниқ ва манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Айниқса, вегетация мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, масъуллар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жойларда назоратни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Чунки интизом ва ҳамкорлик сув хўжалигида юқори самарадорликка эришишнинг энг муҳим омилларидандир.
Семинарда кўп йиллар давомида соҳада фидокорона меҳнат қилиб келаётган фахрий сувчиларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг хизматлари муносиб эътироф этилди.
Бундай амалий тадбирлар сув ресурсларини самарали бошқариш, замонавий ёндашувларни ҳаётга татбиқ этиш ва, энг муҳими, келажак авлод учун сув неъматини асраб-авайлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Зеро, сув бугуннинг бойлигигина эмас, балки эртанинг мустаҳкам кафолатидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА