Зангиотада йўл муаммосига замонавий ечим қилинди
Зангиота туманида аҳоли учун йиллар давомида долзарб бўлиб келган транспорт муаммосига ечим топилди. "Собир Раҳимов – Ўртаовул” бекатлари оралиғида бундан роппа-роса тўрт ой аввал бошланган бунёдкорлик ишлари якунланиб, замонавий йўл ўтказгич фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси Зуфар Нарзуллаев, вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, темир йўл соҳаси вакиллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Авваллари поездлар ҳаракатининг узлуксизлиги туфайли мазкур ҳудуддаги темир йўл кесишмасида автотранспорт ва пиёдалар ҳаракатида қатор ноқулайликлар юзага келарди. Айниқса, поезд ўтишини кутаётган транспорт воситаларининг тўпланиши фуқароларнинг ортиқча вақт йўқотишига, тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлар, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам қўшимча чораларни тақозо этарди.
Эндиликда бу муаммо замонавий инфратузилмавий ечим асосида бартараф этилди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан “Собир Раҳимов – Ўртаовул” бекатлари оралиғидаги 3384-километр, ПК-2 нуқтасида мавжуд темир йўл кесишмаси ўрнида янги йўл ўтказгич барпо этилди.

Лойиҳа доирасида кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Хусусан, узунлиги 23,6 метр бўлган бир дона икки йўллик янги темир йўл кўприги қурилиб, темир йўл излари ўз ўрнига қайтарилди. Шунингдек, 1 минг 200 метр узунликдаги айланма темир йўл ҳамда автомобиль йўли барпо этилди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими янги йўл ўтказгичнинг ҳудуд транспорт инфратузилмасидаги аҳамиятига тўхталиб, бундай лойиҳалар, аввало, аҳоли учун қулайлик яратиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва вақтни тежашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шундан сўнг рамзий қизил лента кесилиб, янги йўл ўтказгич фойдаланишга топширилди. Илк автомобиллар ҳаракати ҳам шу ернинг ўзида йўлга қўйилди. Миллий қадриятларимизга кўра, хайрли иш муносабати билан жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Янги йўл ўтказгичнинг ишга туширилиши Зангиота тумани аҳолиси билан бирга ушбу ҳудуд орқали ҳаракатланувчи транспорт воситалари учун ҳам муҳим қулайлик яратади. Энг муҳими, темир йўл кесишмасида транспорт оқимининг тўхтаб қолишига барҳам берилиб, ҳаракат хавфсизлиги ошади, фуқароларнинг вақти тежалади.
Шу тариқа, йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммо замонавий муҳандислик ечими билан ўз ечимини топди. Янги иншоот Зангиота тумани транспорт инфратузилмасининг муҳим бўғини сифатида ҳудудда ҳаракатланиш қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА