Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
Самарқандда ўтказилаётган Биродар шаҳарлар халқаро форуми доирасида юртимиз шаҳарлари ва Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Сербия, Россия, Болгария шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Жумладан, Самарқанд шаҳри ва Сербиянинг Белград, Туркиянинг Ниғде, Россия Федерациясининг Рязан шаҳарлари раҳбарлари савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани жуда қувонарли, – дейди Белград шаҳри мэри ўринбосари Весна Видович. – Ана шу яқинлик туфайли бугун Белград ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу фақат расмий ҳужжат бўлиб қолмай, икки шаҳар тараққиёти, аҳолининг яқин дўстона муносабатларида ўз ифодасини топиши учун зарур чора-тадбирларни кўрамиз. Бизнинг шаҳримиз Европанинг тарихий масканларидан бири ҳисобланади ва айни пайтда унинг замонавий қиёфаси анча кўркамлашиб бормоқда. Шу жиҳатдан бугун Белград йирик туризм, халқаро муносабатлар шаҳри бўлган. Бу борада Самарқанд шаҳри билан ўхшаш, уйғун томонларимиз кўп ва шунинг учун ҳам ўзаро яқин ҳамкорлигимиз манфаатли бўлишига ишонаман.
[gallery-30555]
Шунингдек, маросимда Фарғона вилоятининг Қўқон ва Велико Тарново (Болгария), Риштон ва Туркистон (Қозоғистон), Бухоро ва Ашхобод (Туркманистон), Наманган ва Ўш (Қирғизистон) шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича меморандумлар имзоланди.
– Шу пайтгача биз Тошкент шаҳри билан биродарлик алоқаларини йўлга қўйган эдик, – дейди Ашхобод шаҳри мэри Раҳим Гандимов. – Бу икки шаҳар ҳамда унинг аҳолиси учун жуда манфаатли бўлди, деб айта оламиз. Айнан шу ҳамкорлик туфайли Тошкент шаҳрида Ашхобод боғи, бизда эса Тошкент боғи ташкил этилди. Шаҳарларимиз маъмуриятлари томонидан биргаликда кўплаб маданий тадбирлар ўтказдик, ташрифлар амалга оширилди. Энди бундай дўстона алоқалар Бухоро шаҳри билан ҳам йўлга қўйилади. Бу қардош халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари