Замонавий ёғ ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида замонавий ускуналар билан жиҳозланган янги ёғ ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади. Йилига 3 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга “Risqiboy Mironshoh” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти туман саноат салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Корхона Кўркам диёр маҳалласидаги кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган бўлиб, унда Хитой Халқ Республикасидан келтирилган замонавий технологик ускуналар ўрнатилган. Тўлиқ ишга тушгандан сўнг, корхона йилига 20 минг тонна чигитни қайта ишлаб, 54 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

Айни пайтда корхонада 40 нафар ишчи фаолият юритмоқда. Ишлаб чиқариш тўлиқ қувватга чиққач, яна 30 нафарга яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бу эса маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромад манбаини оширишга хизмат қилади.

Туман ҳокими вазифасини бажарувчи Хуснитдин Сувонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ корхона фаолияти билан танишди. Учрашувда ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, экспортбоп маҳсулот турларини кўпайтириш ҳамда ёғ ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Маҳаллий ҳокимият ва тадбиркорлик субъектлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур корхона нафақат саноат тармоғини ривожлантириш, балки қайта ишлаш соҳасини кенгайтириш, ҳудуд иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири