Замонавий шаҳарларнинг асосий мезони инсон учун яратилган қулайликлар билан белгиланади
Университетга илм истаб кетаётган талаба, салқин хиёбонда сайр қилаётган кексалар, хавфсиз ўйингоҳларда беғубор кулгиси жаранглаётган жажжи болалар...
Замонавий шаҳарнинг асл қиёфаси ана шундай оддий ва самимий манзараларда намоён бўлади. Боиси, бугун шаҳар деганда фақат кўп қаватли уйлар ёки кенг кўчалар эмас, аввало, инсон учун қулай, хавфсиз ва фаровон яшаш муҳити тушунилади.
Жорий йилнинг 22 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида бўлиб, ҳудуддаги транспорт ва ижтимоий инфратузилма, рақамли технологиялар, саноат ҳамда шаҳарсозлик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини бунёд этиш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида.
Президентимизнинг 2022 йил 18 майда қабул қилинган “Business city” замонавий ишбилармонлик марказлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори ҳудудларда замонавий шаҳарлар муҳитини шакллантиришда асос бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-30545]
Нурафшон шаҳрининг 415 гектар майдонида барпо этилаётган “Nurafshon City” мажмуаси ана шундай йирик лойиҳалардан бири саналади. Мазкур ҳудудда бугунги кун талабларига мос турар жойлар, давлат идоралари ва ижтимоий инфратузилма объектлари ягона шаҳар муҳити концепцияси асосида барпо этилмоқда. Жумладан, вилоят прокуратураси ва суди, ички ишлар бош бошқармаси, Киберхавфсизлик университети ҳамда Президент мактаби каби объектлар ўрин олган.
Шунингдек, Янги Ўзбекистон боғи, Зулфия Зокирова мемориал мажмуаси, ёнғин-қутқарув қисми ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳам айни ҳудуддан ўрин олган. Бундай ёндашув аҳолининг кундалик ҳаётини қулайлаштириш, хавфсиз ва қулай яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади. Бугунги кунга қадар 52 та кўп қаватли турар жой биносидаги 3 мингдан ортиқ хонадон фойдаланишга топширилди.
– Яратилган барча шароит, қулайлик ва афзалликлар оиламизга жуда ёқди, – дейди ҳудуднинг Янгиобод маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Муяссар Искандарова. – Уйимиз рўпарасидаги болалар майдончалари набираларимиз учун ҳақиқий қувонч масканига айланди. Асосийси, аҳоли хавфсизлиги нуқтаи назаридан кириш йўлаклари ва ҳудудга кузатув камералари ўрнатилгани кўнглимизни тўқ қилади. Бугун ёшларимиз ва набираларимизнинг мана шундай шинам, файзли хонадонларда бахтли яшаётганидан чин дилдан қувонамиз.
Мазкур маҳалла 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, пухта режалаштирилган шаҳарсозлик ҳамда қулай турмуш тарзининг муваффақиятли намунаси саналади. Замонавий инфратузилмага эга 65 гектар майдонни эгаллаган ушбу маҳаллада қарийб 6 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
Автомобиллардан холи ички ҳовлилар, кенг пиёдалар йўлаклари, яшил ҳудудлар ва болалар майдончалари бугунги шаҳарсозлик талаблари асосида лойиҳалаштирилган. Бу эса болаларнинг хавфсиз ўйнаши, кексаларнинг бемалол сайр қилиши ва аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун қулай муҳит яратади.
Маҳаллада ёш авлоднинг сифатли таълим олиши ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча зарур шароит яратилган. Ҳудудда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, 3 та футбол ва 8 та воркаут майдонлари мавжуд. Бу эса маҳалла аҳолисининг турмуш сифати ва ёшларнинг мазмунли вақт ўтказиши учун хизмат қилмоқда.
Рақамлар ортида инсонлар тақдири ва уларнинг турмуш сифати тургандагина улар ҳақиқий маъно кашф этади. Айни пайтда “Nurafshon City”да бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Лойиҳа режасига кўра, 2028 йил якунига қадар 250 та кўп қаватли уй-жой барпо этилиб, 125 минг нафар аҳоли хонадонлар билан таъминланади.
Ҳудудда барпо этиладиган 21 гектарлик янги истироҳат боғи шаҳар шовқинидан холи, аҳоли тоза ҳаводан баҳраманд бўладиган ва оилалар бирга вақт ўтказадиган масканга айланади. Буларнинг барчаси "Nurafshon City"ни шунчаки турар жой мажмуаси эмас, балки яшаш, ишлаш ва дам олиш уйғунлашган замонавий шаҳар маконига айлантирмоқда.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА