Замонавий робототехника маркази очилди
Бугун таълим тизимида замон билан ҳамқадам бўлиш, ёшларни янги технологиялар оламига олиб кириш муҳим аҳамият касб этаётган бир пайтда Янгиер шаҳрида яна бир қувонарли янгилик рўй берди.
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ташаббуси билан 12-умумий ўрта таълим мактаби ҳузурида замонавий “Робототехника маркази” фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директори Зафар Ҳакимов, шунингдек, ўқитувчилар, талабалар ва мактаб ўқувчилари иштирок этишди.



Марказда робототехника ва дастурлашни чуқур ўрганиш учун барча зарур шароитлар мавжуд. Чунки марказ юқори қувватли компьютерлар, виртуал лабораториялар, амалий машғулотлар учун махсус жиҳозлар билан таъминланган. Энг муҳими, бу ердаги машғулотлар анъанавий дарслардан фарқли равишда амалиётга йўналтирилган бўлади. Филиал талабалари ва профессор-ўқитувчилари томонидан ташкил этилган курслар орқали мактаб ўқувчилари илмий-тадқиқот усулларини, мураккаб техник жараёнларни тушуниш ва моделлашни ўрганадилар.



Тадбир давомида яна бир эсда қоларли воқеа юз берди — Янгиер шаҳар ҳокимлиги мактаб кутубхонасига 350 та янги китоб топширди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири