Замонавий электр мотороллерлар топширилди
Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш, шаҳар ва маҳаллаларда санитар ҳолатни янада яхшилаш ҳамда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш тизимини такомиллаштириш. чиқиндиларни бошқариш соҳасини модернизация қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва циркуляр иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай амалий саъй-ҳаракатлар доирасида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан ҳудудларга замонавий махсус техникалар босқичма-босқич етказиб берилмоқда. Жумладан, Бухоро шаҳрида фаолият юритувчи “Тоза ҳудуд” давлат муассасасига янги авлодга мансуб чиқинди ташувчи электр мотороллерлар топширилди.
Мазкур техникалар айниқса тор кўчалар, ички маҳаллалар ва аҳоли гавжум ҳудудларда ҳаракатланиш учун жуда қулай. Электр қувватида ишлаши туфайли улар экологик жиҳатдан тоза бўлиб, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқармайди ва шу билан бирга, қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз вақтида йиғиб олиш ва ташиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбирда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Жасурбек Абдуллаев, “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси масъуллари, Чиқиндиларни бошқариш агентлиги вакиллари ҳамда санитар тозалаш корхоналари ходимлари иштирок этди. Масъуллар томонидан соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳоли учун яратилаётган қулайликлар ва экологик маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича фикр билдирилди.
Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда экологик тозаликни таъминлаш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига замонавий коммунал хизмат кўрсатиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги техникаларнинг ҳудудларга етказиб берилиши эса мазкур ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай замонавий техникалардан фойдаланиш санитар тозалаш ишларининг самарадорлигини ошириш билан бирга, шаҳар ва маҳаллаларнинг ободлиги, экологик барқарорлик ҳамда соғлом яшаш муҳитини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.