Замонавий боғдорчилик – тараққиёт манбаи
Юртимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шундай ташаббуслар доирасида чекка ҳудудларда ҳам янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги таъминланмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Ўзагростар холдинг” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида Бухоро вилоятида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, вилоятнинг энг чекка туманларидан бири Қоровулбозорда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш, балки экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва аҳоли даромад манбаларини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, “Бухоро агро стар” масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Зиёдулло Мансур” фермер хўжалигида амалга оширилаётган лойиҳа диққатга сазовор. Мазкур ҳудудда 5 гектар ер майдони тайёрланиб, замонавий узумзор-токзор барпо этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида экспортбоп ва юқори ҳосилдор, сертификатланган “Аватар”, “Ламборжини”, “Маникюр Фингер” ҳамда “Преображение” навларига мансуб жами 4 минг тупга яқин узум кўчатлари экилиши режалаштирилган. Бу эса келгусида нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, балки ташқи бозорга ҳам рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш имконини яратади.

Шу билан бирга, узумзор қатор ораларидан самарали фойдаланиш мақсадида жўяклар тортилиб, мавсумий сабзавот-полиз экинлари картошка, пиёз, сабзи, помидор, лавлаги, шолғом етиштириш ҳам кўзда тутилган. Бу агротехник ёндашув ердан иккиламчи фойдаланиш имконини бериб, қисқа муддатда қўшимча даромад олишга хизмат қилади.

Қоровулбозор туманида амалга оширилаётган бундай замонавий боғдорчилик лойиҳалари ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишда муҳим ўрин тутади. Энг муҳими, бу каби ташаббуслар орқали чекка ҳудудлар ҳам жадал тараққиёт йўлига чиқиб, юртимиз қишлоқ хўжалигининг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.