Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университетида 600 ўринга мўлжалланган янги инновацион Ахборот-ресурс маркази (АРМ) расман ишга туширилди. Янги марказ талабаларнинг илмий тадқиқотлари, мустақил ўқиши ва билим олиш жараёнларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Спорт вазири Адҳам Икромов ва Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиев, Гулистон давлат педагогика институти ректори Жаҳонгир Қаршибоев ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов марказда китобхонлик танловлари ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” каби беллашувларни ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсияларини берди. Унинг фикрига кўра, бундай инновацион масканлар ёшларнинг билимга бўлган қизиқишларини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Ахборот-ресурс марказининг кутубхона фондини замонавий адабиётлар билан бойитиш, китобхонлар учун қулай интерьер ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиев марказнинг имкониятлари ҳақида сўзлаб, унинг замонавий таълим ва илмий изланишлардаги аҳамиятига алоҳида тўхталди. У таъкидлашича, Ахборот-ресурс маркази талабаларнинг мустақил тадқиқотлари ва китобхонлиги, ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда уларни халқаро стандартларга мос мутахассислар сифатида тайёрлашда муҳим омил бўлади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири