“Заковат”да жажжи билимдонлар баҳслашди
Сирдарё вилояти Ховос туманида мактабгача таълим тизимида тарбияланаётган жажжи болажонларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, уларда жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириш ва билимга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан “Заковат” интеллектуал ўйинининг туман босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Бир қарашда ўйин-кулгига бой жараён ортида аслида ҳақиқий билимлар "жанги" кечди. “Заковат” майдонида митти тарбияланувчилар ўз зукколиги, тезкор фикрлаши ва топқирлиги билан барчани ҳайратга солди. Шу боис мусобақа мазмунан пухта ўйланган шартлар асосида ташкил этилди.
Беллашув давомида жамоалар мантиқий саволлар, эртак қаҳрамонлари саргузаштлари ҳамда табиат ва атроф-муҳитга оид қизиқарли топшириқлар ечими устида бош қотирдилар. Ҳар бир иштирокчи ўз фикрини эркин ифода этишга, жамоа манфаати йўлида бирдамликни намоён этишга интилди. Айниқса, болажонларнинг катталардек жиддий мушоҳада юритиши, саволларга тезкор ва аниқ жавоб қайтариши тадбир қатнашчилари ва кузатувчиларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-28873]
Танловда тумандаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг катта ва тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиларидан тузилган жамоалар иштирок этди. Улар тўртта асосий шарт бўйича билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказдилар. Саволлар болаларнинг дунёқараши, табиатга муносабати ва мантиқий фикрлашини синашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
– Бугунги “Заковат” ўйини кутганимиздан ҳам қизиқарли ўтди. Болажонларимизнинг мантиқий саволларга берган тезкор ва аниқ жавоблари уларда интеллектуал база мустаҳкам шаклланаётганини кўрсатади. Бундай тадбирлар болаларни нафақат билимли, балки жамоада бирдам бўлишга ҳам ўргатади, – дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Равшан Илчиев.
Мусобақа давомида мутахассислар ва ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг жавоблари аниқлиги, фикрлаш тезкорлиги ва жамоавий ишлаш қобилиятига холис баҳо бериб борди.
1-ўринни 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг “Келажак эгалари” жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин 2-сонли ДМТТнинг “Ёш билимдонлар” жамоасига насиб этди. 3-ўринга эса 16-сонли ДМТТнинг “Зукколар” жамоаси сазовор бўлди.
Ғолиб жамоа вилоят босқичида иштирок этиш йўлланмаси билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақада қатнашган барча тарбияланувчилар эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА