Ғолиб ўқувчилар муносиб кутиб олинди
Австралиянинг Сидней шаҳрида IMEC (Mathematics Olympiad) вa JSEO (junior-senior english Olympiad) халқаро олимпиадалари бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик ўқувчи-ёшлар юксак натижаларга эришиб қайтди.
Мазкур халқаро олимпиадаларнинг саралаш босқичида 60 га яқин мамлакатдан 30 мингга яқин ўқувчи иштирок этди. Финал босқичида эса 20 га яқин давлатдан келган 500 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар беллашди.
Ўқувчиларда билим олишга бўлган қизиқишни ошириш, танқидий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, турли мамлакатлардан келган ёшлар ўртасида халқаро ҳамкорлик ва маданий алмашинувни кучайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз номидан иштирок этган ўқувчилар юқори натижаларни қўлга киритди.
[gallery-28813]
Хусусан, мусобақа якунларига кўра, ўзбекистонлик ўқувчилар 4 та олтин, 6 та кумуш, 7 та бронза медали ва 1 та “Honorable mention” натижаларини қўлга киритди.
Мазкур халқаро мусобақа математика ва инглиз тили йўналишларида ўқувчиларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.
Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг ушбу нуфузли халқаро олимпиадалардаги ютуқлари мамлакатимиз таълим соҳасидаги яна бир муҳим натижа сифатида эътироф этилмоқда.
Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА