Заковат майдонида ёшлар беллашди
Ёшлар куни муносабати билан Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда жамоада дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган спорт мусобақалари ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда вилоят шахмат федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда божхона органлари ходимлари шахмат ва шашка спорт турлари бўйича ўзаро куч синашдилар. Беллашувлар қизғин ва муросасиз курашларга бой ўтган бўлса-да, ўзаро ҳурмат, дўстона муҳит ва спортга хос ҳалол рақобат устувор бўлди.



Мусобақа иштирокчилари мантиқий фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш, сабр-тоқат ва стратегик ёндашув каби муҳим фазилатларини намоён этдилар. Бу каби интеллектуал спорт турлари ходимларнинг касбий фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этиб, таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Беллашувлар якунларига кўра, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бош юрисконсульти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси, катта лейтенант Жалолиддин Тоҳиров муносиб иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллади.


Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири