Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида тарих фанлари доктори, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Раҳмон Фармоновнинг “Шоҳ, шоир ва дипломат” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева муаллиф китобда буюк мутафаккир, одил подшоҳ, беназир шоир, буюк дипломат Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги кўплаб муҳим илмий манбаларга таянганини ҳамда тарихий воқеаларни холисона ва чуқур асосланган тарзда ёритганини таъкидлади.
Филология фанлари доктори, профессор Раҳимбой Жуманиёзов “Шоҳ, шоир ва дипломат” китобининг аҳамиятли ва долзарб жиҳатлари ҳақида сўзлади.
Иштирокчилар мазкур китобдан Бобурнинг одил сиёсатчи ва давлат арбоби сифатида олиб борган фаолияти, халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсатнинг моҳир билимдони экани, унинг ижодий фаолияти, лирикасида ватанпарварлик руҳининг тараннум этилиши хусусида сўз юритди. “Шоҳ, шоир ва дипломат” китоби илмий асар бўлишига қарамай, тили содда ва равонлиги ҳамда у буюк аждодимизга нисбатан юксак эҳтиром туйғуси билан баён этилгани эътироф этилди.
Тадбирда тарих фанлари доктори, профессор Раҳмон Фармонов “Шоҳ, шоир ва дипломат” китобининг ёзилишига замин яратган сабаблар, омиллар ва чоп этилиш жараёни ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда иштирок этган ёшлар мазкур китоб орқали Бобурнинг ҳаёт йўли, унинг сиёсат саҳнасида тутган дипломатик муносабатлари ҳақида кўплаб қизиқ маълумотларга эга бўлди ва тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорликларини изҳор этди.
Тадбир доирасида иштирокчилар эътиборига буюк мутафаккир, шоир, буюк давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, дипломатик фаолияти ва ижоди билан таништирувчи китоблардан ташкил топган кўргазма намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА