Зафар Йўлдошев: болалар учун сифатли миллий контент яратиш муҳим
Ўзбекистон ва Россия медиа форумида Болалар контентини ривожлантириш маркази ижрочи директори Зафар Йўлдошев болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш ва улар учун сифатли миллий контент яратиш масаласига тўхталди.
Унинг таъкидлашича, болаларни интернетдан бутунлай чеклаш билан муаммо ечилиб қолмайди. Муҳими, зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш билан бирга, уларга қизиқарли ва тарбиявий мазмундаги фильм, мультфильмлар таклиф этиш зарур.
Эксперт 2023 йил 15 майдаги Президент қарори асосида марказ томонидан 40 дан зиёд ҳамкорлик шартномаси тузилгани, 24 йўналиш бўйича 521 лойиҳа тақдим этилгани ва 49 мустақил лойиҳа иш режасига киритилганини маълум қилди. Жумладан, “Психоландияда”, “Мўъжизалар мамлакатида”, “Чемпион”, “Иккинчи”, “Олдиндаги йўл”, “Йўлбарс”, “Устоз” каби асарлар томошабинларга тақдим этилган. Шунингдек, Амир Темур, Ибн Сино ва Бобурнинг болалик йиллари ҳақида фильмлар тайёрланмоқда.
Болалар учун фильм, мультфильм, қўшиқ, китоб ва ўйинлар тўпланган ягона рақамли платформа ҳам тест режимида ишлаяпти.
Зафар Йўлдошев Ўзбекистон ва Россия ўртасида болалар асарларини ўзаро таржима қилиш ва тарқатиш, мутахассислар учун маҳорат дарслари ташкил этиш ҳамда қўшма анимацион лойиҳалар амалга ошириш таклифини илгари сурди. Бу борада “Союзмультфильм” билан дастлабки мулоқот бошлангани қайд этилди.
Дилшод Ҳакимов,
Шавкат Тоҳиров (сурат),
ЎзА