Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И.Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида "Толибон" ҳаракати вакиллари билан учрашди.
У ерда Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами топширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Инсонпарварлик ёрдами турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пойафзаллардан иборат.
Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили З.Мужоҳид бутун афғон халқи номидан Шавкат Мирзиёевга бугунги синовли даврда қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлик билдирди.
"Бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга оғир дамларда мамлакатга кўрсатаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз. Ўзбекистон раҳбари Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли халқимиз чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоёни сифатида баҳолайди", деди Забиҳулла Мужоҳид.