ЎзА кўзгусида Хоразм вилояти акс этади...
Хоразм вилояти мамлакатимизнинг Шимолий-ғарбида жойлашган бўлиб, 1938 йил 15 январда ташкил этилган.
2019 йилги ислоҳотлар самаралари рақам ва фотофактларда
Хоразм вилояти мамлакатимизнинг Шимолий-ғарбида жойлашган бўлиб, 1938 йил 15 январда ташкил этилган. Айни пайтда ҳудуддаги Урганч ва Хива шаҳарлари ҳамда 10 та туманда 1 миллион 841 мингдан ортиқ аҳоли яшайди.
Хоразм мамлакатимиздаги қадимий ўлкаларидан бири ва ўзбек давлатчилигининг ўчоғи саналади. Энг қадимий китоб — “Авесто”нинг “Яшт” қисмида Хоразм “Минг ирмоқли дарё”, “Кўллар ва ўтлоқларга бой ўлка” сифатида мадҳ этилади. Демак, 3 минг йил олдин ҳам Хоразмда туркий қабилалар яшаган ва давлат тизими бўлган. Гўзал воҳа азалдан ўзининг тарихий шаҳарлари, қадимий обидалари ва асори-атиқалари билан жаҳон халқларини ўзига мафтун этиб келган.
Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, аз-Замаҳшарий сингари буюк олимлар илм-фан соҳасида ўз даври учун илғор бўлган ютуқларга эришиб, ҳаётга татбиқ қилган. Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Темур Малик ва Паҳлавон Маҳмуд каби ватанпарвар ўғлонларининг кўрсатган жасорати асрлар оша улуғланади.
Хоразм вилоятида кейинги икки йилда иқтисодий-ижтимоиий соҳаларда кенг кщламли ишлар амалга оширилди. Жумладан 2019 йилда давлат инвестиция дастурининг марказлашган манбалари ҳисобидан жами 375 миллиард 600 миллион сўмлик 208 та объектлар реконструкция қилиниб қурилди.

***
“Обод қишлоқ”, «Обод маҳалла” дастурига асосан йил давомида жами 416 миллиард 800 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига қишлоқларда яшовчи 21 минг 510 та хонадонлардаги 125 минг 290 нафар юртдошларимизнинг яшаш шароитлари яхшиланди. Электр, газ, тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
***
Хоразм вилоятида мактабгача таьлим ёшидаги болалар сони 149 минг 761 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 48,8 фоизи мактабгача таьлим ташкилотларида қамраб олинган. Айни пайтда 754 та мактабгача таьлим ташкилоти фаолият юритмоқда.
***
2019 йилда вилоят кардиология марказида биринчи марта оғир юрак нуқсонини бартараф этиш бўйича жарроҳлик амалиёти, юрак қон томирларини шунтлаш ва бошқа мураккаб операциялар муваффақиятли амалга оширилди. Россиялик машҳур кардиохирург, академик Лео Бокерия иштирокида юрак нуқсонларини бартараф қилиш бўйича ўтказилган операциялар воҳа жарроҳлари учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори юзасидан вилоятда бугунги кунда 260 та нодавлат тиббиёт муассасаси самарали фаолият олиб бораётир. Хусусий тиббиёт муассасаларининг 52 таси янгидан иш бошлади.

***
Пахта, ғалладан мўл ҳосил олинди. Чорвачилик, пиллачилик, паррандачилик каби кўплаб тармоқларда инновацияни тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Балиқчилик соҳасида 2018 йилда 9 минг 800 тонна балиқ етиштирилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсатгич 20 минг тоннани ташкил этди. Шунингдек, вилоятда 10 минг бошга мўлжалланган қуёнчилик комплекси ишга тушурилди.
***
Вилоятда 2019 йилда туризм соҳасини янада ривожлантириш учун умумий қиймати 230 миллиард сўмлик 372 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Жойларда 1 минг 500 дан ортиқ иш ўрни яратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 45 та, 2020 йил 1 январдан 86 та давлат фуқаролари учун визасиз режим жорий қилиниши натижасида вилоятга 153 та хорижий давлатлардан тарихий обидаларни кўриш иштиёқида келаётган сайёҳлар сони бугунги кунда 363 минг 924 нафарни ташкил этган. Бу дегани ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч баробар ошган. Жорий йилда маҳаллий сайёҳлар сони 2 миллион 800 минг нафарга етди.

***
Президентимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда Хоразм вилоятида 10 та 7 қаватли уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Шундан 8 таси Урганч шаҳрида 2 таси Хива шаҳрида бунёд этилди.
***
“Лазги” ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Жорий йилнинг 12 декабрь куни Колумбиянинг Богота шаҳрида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида Хоразм рақси – “Лазги” инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига Ўзбекистон маданий меросининг элементи сифатида киритилди.
***
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосида Урганчдан Хивагача 30 километр темир йўл ётқизилиб, Хива шаҳрида вокзал барпо этилди. Зарур инфратузилма иншоотлари, қўриқлаш пунктлари, йўл ўтказгич ва кўприклар қурилди. Вокзал биноси йўловчиларга қулайлик ва хавфсизлик талаблари асосида қурилган.
***
Мамлакатимизда биринчи марта 7-9 июнь кунлари Хива шаҳрида Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб ўтказилган “Баҳодирлар ўйини” халқаро турнири ўтказилди.

***
Хоразм вилоятида ижодкорлар, журналистларни қўллаб-қувватлаш шунингдек, ҳудудий оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари топшириғи билан Хоразм вилоят телерадиокомпаниясининг янги кўринишдаги замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
***
2019 йилда шоир, тарихчи, таржимон ва давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги кенг нишонланди. Шоир туғилиб вояга етган Хива шаҳрида Огаҳий номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди.
***
Апрел ойида I Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда халқаро ташкилотлар, инвесторлар Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, сармоядорлар учун яратилган имтиёз ва қулайликлар билан яқиндан танишди.
***
Сентябр ойида Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида “Рақс сеҳри” Халқаро фестивали бўлиб ўтди.

***
UzAuto Motors акциядорлик жамиятининг Хоразм вилояти филиалида 200 мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди.
***
Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Ош шаҳрида ўтказилаётган ХХХVI Турксой навбатдаги қурилтойида 2020 йил Хива шаҳри Турк дунёси маданияти пойтахти деб расмий эълон қилинди.
***


