
Нигина Ҳожибоқиева 2024 йил 4 мартда давлатимиз раҳбарининг “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан юксак иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён эта олган 28 нафар энг зукко қиз қаторида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган эди.
Нигина 2004 йилнинг 1 январида Жиззах вилояти Пахтакор тумани Чаманзор маҳалласидаги зиёлилар оиласида таваллуд топди. Отаси Ўткир ака Жиззах политехника институтини, онаси Наргиза опа Жиззах давлат педагогика университетини тамомлаган зиёли инсонлар бўлганлиги туфайли фарзандларининг ўқишига ҳам, тарбиясига ҳам ёшлигиданоқ жиддий эътибор қаратишди.
Аввал Пахтакор туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабини, сўнгра Жиззах давлат педагогика университети қошидаги “Сайилжойи” академик лицейини аъло баҳоларга тамомлаган Нигина математика фани бўйича бир қатор халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган. 2021 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали иқтисодиёт йўналишига биринчи ўринда грант асосида талабаликка қабул қилинди.
Ҳозир у шу университетнинг 4-босқичида таҳсил олиш билан бирга Жиззах шаҳридаги “Edu Hilol” академиясида иқтидорли ўғил-қизларга математика фанидан сабоқ бериб келмоқда.
Ёш иқтидор эгаси Нигина Ҳожибоқиеванинг турли олимпиадаларда эришган ютуқларини санасак, қўлимиздаги бармоқлар камлик қилади. Жумладан, AIMO (Asia Intеrnational Mathеmatical Oliмpiad) ҳамда WMI (World Mathеmatics Invitational) олимпиадаларида олтин медаллар, AMC (Amеrican Mathеmatic Compеtition) олимпиадасида кумуш, “Калибри” Жиззах очиқ олимпиадасида олтин медал ва “Энг яхши ечим номинацияси” совриндори, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси мезбонлигида ўтган “Ал-Хоразмий” номидаги халқаро математика олимпиадасида бронза медали билан тақдирланди. 2024 йилда Президентимиз қарорига биноан Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати бўлди. 2024 йил якунига кўра, “Ўз мутахассислигининг энг билимдон талабаси” номинацияси ғолиби деб топилиб, “Йил талабаси – 2024” деган шарафли номга сазовор бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
– Нигина ўтган 2024 йилда “Буюк жадидлар издоши” альманахида ўзининг илмий ва ижодий ишлари билан иштирок этиб, “Энг яхши илмий ва ижодий иш” учун “Буюк жадидчилар издоши” кўкрак нишони, диплом ва гувоҳнома билан тақдирланди, – дейди Нигинанинг устозларидан бири ЎзМУ Жиззах филиали ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Сирожиддин Саидов. – Ушбу танловда Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Россия, Туркманистон ва бошқа бир қатор давлатлардан ҳам иқтидорли ёшлар қатнашгани, Нигинанинг “Энг яхши илмий изланувчилар Топ-100” талигидан ўрин олгани унинг катта ютуғидир.
Дарҳақиқат, унинг Жиззахда қизларнинг фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган вилоят “Қизларжон” клубига раис этиб сайлангани, кўплаб танлов ва конференцияларда ўз билим ва салоҳиятини кўрсатиб келаётгани Нигина Ҳожибоқиеванинг жамоат ишларида ҳам чин маънода фаоллигидан далолат беради.
[gallery-21669]
– Муҳтарам Президентимиз менга Зулфия номидаги Давлат мукофотини шахсан топшираётган пайтида айтган тилакларини, ўшандаги ҳолатимни сўз билан ифода қилиб бераолмайман, лекин бу ҳолат менга бир умрга етадиган кўтаринки руҳ беради, десам муболаға бўлмаса керак, – дейди Нигина Ҳожибоқиева. – Юртбошимизнинг менга билдирган эзгу истакларидан шуни англадимки, биз улуғвор ва юксак марраларни кўзлаб, ақл билан олдимизга қўйган режаларимиз сари дадил ва ишонч билан ҳаракат қилсак, ҳамиша ўз эзгу мақсадларимизга эриша оламиз, деб ўйлайман.Бу ютуқларимнинг барчасига ота-онам, устозларимнинг кўмаги, шу кунга қадар ўқиган таълим муассасаларим, университетимиз раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши орқали эришдим, десам тўғри бўлади.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/XzgdjtZ8BpE" title="Yutuqlar ulkan marralar sari yetaklaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ёш ва иқтидорли Нигина Ҳожибоқиева эришган ютуқлар унинг бунданда улкан зафарлар сари дадил одимлашида маёқ вазифасини ўташига бизнинг ҳам ишончимиз комил.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари