Туркий давлатлар ташқи сиёсий тадқиқотлар марказларининг ТДТ майдонида савдо-иқтисодий кооперация ва транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш масаласига бағишланган 8-йиғилишида иштирок этаётган Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг энергетика ва кўп томонлама транспорт масалалари бўйича бош директори ўринбосари Юсуф Бурак Ренде оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган йўналишларини ривожлантириш муҳимлигига урғу берди:
– Жаҳонда кескин геосиёсий ва геоиқтисодий ҳолат ҳукм сураётган бугунги мураккаб бир вазиятда Анқара муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Масалан, Халқаро энергетика агентлиги тахминига кўра, 2024 йилга келиб Туркияда қайта тикланадиган энергия манбалари амалдаги қуввати ҳозиргига нисбатан 49 фоиз ўсиб, 21 минг МВТга етади. Туркий давлатлар ташкилоти таркибидаги барча мамлакатлар худди шундай салоҳиятга эга. Зеро, бутун минтақамизда ҳукмрон иқлим шароити мазкур йўналишни ривожлантириш учун етарли шарт-шароит яратади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) маълумотига кўра, туркий давлатларда йилнинг 300-320 куни қуёшли ҳисобланади.
Аъло Абдуллаев(сурат), ЎзА