Юртимизга Германиядан юқори ҳосилдорликни таъминловчи технология олиб келинди
Юртимизга Германия Федератив Республикасидан тупроқнинг 19 та таҳлилини 3 дақиқада амалга ошириш имкониятига эга, янги “СТЕНОН” инновацион техникаси олиб келинди.
Бугун Тошкент вилояти Агрохизматлар марказида техниканинг афзалликлари жамоатчиликка таништирилиб, тажриба станциясида синовдан ўтказилди.
Мутахассисларнинг айтишича, “СТЕНОН” орқали фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари ва кооперациялар жаҳоннинг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда юқори ҳосилдорликка эришиши мумкин.
Маълумот учун, қурилма орқали тупроққа керакли ишловни бериш бўйича рақамлашган ахборот таҳлил натижаси олинади ва тупроқ хусусиятига мос агротехник чоралар кўриш бўйича олимлар тавсияси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, семинарда органик маҳсулотларни етиштириш бўйича яратилган имтиёзлар ва агробизнесни ривожлантириш тавсиялари ҳам бериб ўтилди. Агросубсидия, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, имтиёзли кредитлар ҳақида ҳам экспертлар томонидан тақдимотлар қилинди.
Юқорида кўзда тутилган барча хизмат ва тавсиялар Тошкент вилояти ва ҳудудларда ташкил этилган Агрохизматлар марказлари томонидан кўрсатилади.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА