Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги "Ҳасанхон қори" жоме масжиди қайта барпо этилди.
Масжиднинг аввалги биноси эскилиги, торлиги, кириб-чиқишдаги ноқулайликлар ва мослаштирилган бинода жойлашгани ташриф буюрувчиларга қийинчиликлар туғдираётган эди.
Замонавий кўринишда қайта қад ростлаган муҳташам масжидда эса намозхонлар учун барча шароит ва қулайликлар яратилди.
Масканнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, диний уламолар, имом-домлалар, намозхонлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидлаш керак, мазкур иншоот мамлакатимизда илк бор ноанъанавий, яъни, хай-тек услубида қурилган илк масжид ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида 4 минг нафар намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Масжид қурилишига 2021 йилда тамал тоши қўйилган бўлиб, саховатпеша ҳомийлар ҳамда кўнгилли кишилар кўмагида ҳашар йўли билан битказилди.
Бино ичида шунингдек, маъмурият, кутубхона каби зарур хоналар, маҳаллий ҳамда хорижлик турист аёллар учун таҳоратхона ва намозхона ташкил этилган.
Масжидга Нажмиддин Ҳасанов имом этиб тайинланди.
Муқаддас масканнинг Рамазон ойи арафасида фойдаланишга топширилиши аҳолини беҳад қувонтирди.
[gallery-16326]
Камола Юсупова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА