Бугун мамлакатимиз бўйлаб Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда. Эрта тонгдан минглаб жоме масжидларда ҳайит намозлари ўқилди. Юртдошларимиз масжидларда жам бўлиб, байрам намозини адо этдилар, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида дуолар қилиб, бир-бирларини қутладилар.
Байрамнинг ўзига хос шукуҳи бутун мамлакат бўйлаб сезилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА жамоасининг ҳудудлардаги вакиллари томонидан узатилаётган хабар ва фотолавҳаларда юртдошларимизнинг юз-кўзидан акс этаётган байрамона кайфият, фахр ва миннатдорлик туйғулари ёрқин ифодасини топмоқда.
Куни кеча эълон қилинган Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табригида ҳам кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим рол ўйнаётгани таъкидланди.
Шундай саодатли кунларда яна бир муҳим жиҳат бутун халқимиз қалбини фахр ва ҳавас билан тўлдирди — 15 минг нафар ўзбекистонлик зиёратчи муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида Ҳаж амалларини адо этмоқда.
Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда давлатимиз раҳбари ўз табригида уларни ҳам ёдга олиб, самимий қутлади. Яратгандан ҳожиларимизнинг соғ-саломат, ҳаж амалини тўлиқ адо этган ҳолда Ватанга эсон-омон қайтишларини сўради.
[gallery-23797]
"Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар", — дейилади табрикда.
Бугунги кунда дунё тобора мураккаб ва таҳликали тус олаётгани барчамизга аён. Бу ҳолатни қайд этар экан, Ўзбекистон етакчиси халқимизнинг энг улуғ фазилатлари — меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик ва жипслик айнан мана шундай синовли даврларда бебаҳо куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди: "Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман".
Байрам кайфиятига яна бир тарихий воқеа ўзига хос завқ бағишлади. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Тарихий йўлланма Абу-Дабидаги "Ал-Наҳаян" стадионида мезбон БАА терма жамоаси билан бўлган баҳсда қўлга киритилди. Унда юртдошларимиз 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, жаҳон чемпионатига чиқиш учун етарли натижага эришди.
2026 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади.
Шундай қилиб, Қурбон ҳайити — бу йил нафақат диний-маънавий аҳамияти, балки халқимизнинг бирлиги ва халқаро майдондаги ютуқлари билан ҳам тарихга муҳрланмоқда. Бу эзгу кунларда ҳар бир юртдош қалбида фахр, умид ва ишонч уйғонмоқда — эртанги кун, Янги Ўзбекистон янада порлоқ бўлишига бўлган ишонч.
Умиджон Қурбонов, ЎзА