Юртбошимиз ишончига муносиб бўламиз
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида корхонамиз фаолияти, хусусан, интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳамиз билан танишиши жамоамизни беҳад қувонтирди.
Корхонамизнинг интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июлдаги “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Мақсадимиз балиқчилик соҳасини ривожлантириш ҳамда Фарғона водийсидаги балиқчилик хўжаликларини форель чавоқлари билан таъминлашдир.
Умумий қиймати 30 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида 2 гектар майдондаги махсус ҳовузларда интенсив усулда йилига 2,5 миллион дона балиқ човоқлари, 200 тонна балиқ гўшти етиштирилади.
Лойиҳа доирасида 30 та доимий иш ўрни яратилди. Келгусида Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатларига 2 миллион доллар қийматдаги форель чавоғини экспорт қилишни режалаштирганмиз.

Мажмуамизда сувни биологик усулда тозаловчи бир ҳужайрали сув ўти – хлорелла суспензиясини етиштириш лабораторияси ташкил этилган. Хлорелла ёрдамида тозаланган сув ҳосилдорликни 15-20 фоизгача оширишга ёрдам беради.
Мажмуада электр энергиясига бўлган эҳтиёж қуёш панеллари орқали олинган яшил энергия ҳисобидан тўлиқ қопланади. Ҳовузлардан чиққан, аммиак, фосфор ва кальцийга табиий бойитилган сув исроф қилинмасдан, экинларни суғоришга йўналтирилади. Бу сувни тежаш билан бирга, ҳосилдорликни оширади.
Ушбу илғор технологияни қўллаган ҳолда 2 гектар майдонда анъанавий усулда 100 гектарли сув ҳавзасида етиштириш мумкин бўлган ҳажмдаги маҳсулотни олиш имконини беради.
Президентимиз лойиҳамиз, амалга оширилган ишлар билан бевосита танишиб, ишларимизни ижобий баҳолади, шу билан бирга, лойиҳа самарадорлигини янада ошириш юзасидан топшириқ ва тавсиялар берди.
Президентимизнинг корхонамизга ташрифи, у киши билан бўлган мулоқот, айниқса, фаолиятимизга берган ижобий баҳоси нафақат менга, балки бутун жамоамизга куч, шижоат, ғайрат берди. Бундан буён янада самарали ишлашга, юртбошимиз баҳосига, ишончига муносиб бўлиш, Ватанимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш учун астойдил меҳнат қиламиз.
Ғофиржон Собиров,
Балиқчи туманидаги “Чинобод реал бизнес” МЧЖ раҳбари.
ЎзА