Юрт равнақи йўлидаги меҳнат қадрланди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги юртимизда катта қувонч ва кўтаринки кайфият билан нишонланмоқда.
Бу қутлуғ сана муносабати билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида ҳам байрам тадбири ташкил этилиб, ўз меҳнати билан соҳа ривожига ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ходимлар муносиб тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 25 июндаги Фармонига мувофиқ таъсис этилган «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан Қўмита ва унинг тизим ташкилотларида фаолият юритаётган 15 нафар ходим тақдирланди.
Эсдалик нишонларини Қўмита раиси Ҳалилилло Тўрахўжаев Президент номидан тантанали равишда топшириб, ходимларни қутлуғ айём билан муборакбод этди.

Қўмита раиси тақдирланганларга мурожаат қилиб, давлат раҳбари томонидан билдирилган юксак ишонч ва эътироф уларни келгусида ҳам ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришга, халқимиз манфаатлари йўлида янада фидойилик билан меҳнат қилишга руҳлантиришини таъкидлади.
Тадбирда соҳадаги фидойилиги, жонкуярлиги, рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Қўмита, унинг тизим ташкилотлари ва ҳудудий органларида меҳнат қилаётган 60 нафардан зиёд ходим ҳам Қўмитанинг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бундай эътироф, аввало, жамоа аъзоларининг меҳнати қадрланаётганидан далолат. Зеро, юрт тараққиёти йўлида ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилаётган ҳар бир инсоннинг ҳиссаси албатта муносиб баҳога лойиқ.
Нигора Раҳмонова, ЎзА