Юрт фахри
.
Ватан шаъни учун, шу миллат учун,
Шу буюк эл учун, Она-юрт учун,
Аждодлар ёди-ю эрку ор учун,
Жаҳон айвонида жарангдор сўздек,
Яшил майдон аро тўп сурар ўзбек.
Яшил майдонларга боқмиш Шарқу Ғарб,
Чин алпдай тик тургин рақибга қараб.
Ўзинг қўллаб тургин шунда ҳам, ё Раб,
Ул олис диёрдан хуш хабар келтир,
Шу Ватан номини элларга билдир.
Эй, гўзал бу юртнинг алп ўғлонлари,
Қанча йиллар кутдик бундай онларни.
Курашинг, курашинг бериб жонларни,
ФИФА айвонлари қалқисин бунда,
Куй-қўшиқ янграсин шу қутлуғ кунда.
Шиддат, шонларингга Худо ёр бўлсин,
Кўксингни ёндирган олов бор бўлсин.
Голлар ур, эй ўғлон зафар ёр бўлсин,
Шундоқ ҳам тарихни яратган сенсан,
Бу олам нигоҳин қаратган сенсан.
Тилагим — қўлласин, Худо ёр бўлсин,
Халқим, миллатим мангу бор бўлсин.
Босган қадамларинг нурларга тўлсин,
Сен буюк йўлдасан, йўлинг ёруғдир,
Бу Ватан шаънидир, номи улуғдир.
Ниятни пок қилсанг, дил бўлгай Ватан,
Меҳр бер, майса ҳам гул бўлгай Ватан,
Ўғил-қизларимдай азизсан, Ватан.
Улуғ марраларни кўзлаб зафар қуч,
Ҳар сония шондир, шамол бўлиб уч.
Тилларга тушмагай ҳеч ким меҳнатсиз,
Ғолиблик келмагай ҳеч ҳам заҳматсиз.
Умидлар рўёби — сиз қаҳрамонларсиз,
Янги тонг муборак, янги онлардир,
Янги Ўзбекистон бу, янги шонлардир.
Хайрулла Холтўраев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси