Ўзбекистон не-не даҳоларга, улуғ алломаларга бешик бўлган замин.
Улуғ аждодларимиз ўзларидан бутун дунёни ҳайратга соладиган бебаҳо, илмий, ижодий мерос қолдирган. Қолаверса, улар кашфиётлари, илмий асарлари билан дунё тамаддунига, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшганлигини барчамиз яхши биламиз. Ўтмишдаги буюк боболаримизнинг муносиб издоши бўлиш масъулияти бугун шу юртда яшаётган ҳар бир ёшнинг кўнгил дунёсидаги энг улкан орзуларидан бири десак, асло муболаға бўлмайди.
Бугун юртимизда ёшларнинг чуқур билим олиб, комил инсон бўлиб вояга етишлари учун барча шароитлар яратиган. Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар куни муносабати билан ёшлар билан мулоқотида: "Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ алломалар, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби шоир ва мутафаккирлар, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийдек маърифатпарвар адиб ва олимлар ўзларининг машҳур илмий кашфиётларини, ўлмас бадиий асарларини айнан сизларнинг ёшингизда яратганларини ҳаммамиз яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз. Бизнинг томирларимизда ана шундай улуғ боболаримизнинг қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Эндиги муҳим вазифамиз – мана шундай фарзандларимиз орасидан янги авлод Берунийларини, Ибн Сино ва Улуғбекларини, Хоразмий ва Фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборат. Бу йўналишда “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” каби кўрик-танловлар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади", деган сўзларни бежиз айтмади.
Албатта, Юртбошимиз ўз чиқишлари билан нафақат эртамиз эгалари - ёшларнигина эмас, балки миллат фарзандларини тарбиялайдиган зиёлилар, профессор-ўқитувчилар зиммасига ҳам улкан вазифалар қўйди. Биламизки, мамлакатимиз тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида 2020 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форуми ўтказилган эди. Мазкур форумда давлатимиз раҳбари ҳар бир ислоҳотни амалга оширишда ёшларнинг азму шижоати ва куч-ғайратига суянишини маълум қилган, бу ўз ўрнида давлатнинг, халқимизнинг ёшларга бўлган ишончи нақадар юксак эканлигининг амалдаги ифодаси эди.
Ўтган даврда Президентимизнинг ёшлар ҳуқуқ-манфаатларини ифода этувчи 55 та фармони, 117 та қарори қабул қилинганлигининг ўзиёқ келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбатнинг ёрқин намунасидир.
Илмга чанқоқ, кўзлари шижоатла порлаб турган ёшларимиз тимсолида юртбошимиз таъкидлаганидек, келажаги буюк Янги Ўзбекистонни кўрамиз. Бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ёшларимизнинг ўрни, роли ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳам бор гап.
Ҳаётимизнинг барча соҳаларида ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий тушунчаси кенг, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар бугун бошқарув органларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда. Албатта, бу улуғ ва улкан хайрли ишларни амалга ошириш йўлида, фидоий устозлар меҳнати асосий роль ўйнайди. Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлашда биз зиёлиларнинг зиммамизда улкан вазифаларни тўла -тўкис адо этишимиз муҳимдир.
Шу ўринда Андижон давлат тиббиёт институтида амалга оширилаётган ибратли ишлар хусусида қисқача тўхталмоқчиман. Айни кунда институтимизда 1 минг 747 нафар бакалавр, 499 нафар магистратура, 513 нафар ординатура йўналишларида ёшлар таҳсил олмоқда. Уларнинг ўқиб, пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор, берилган имкониятлардан фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган иқтидорли талабаларимиз талайгина.
Талабаларимиз ахборот технологиялари, стартап лойиҳалари, рационализаторлик таклифлари билан республика ва халқаро миқёсда танлов ва лойиҳаларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Жумладан, жорий - 2021 йил Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Меҳриноз Комилова, “Йил талабаси” республика кўрик-танлови ғолиблари Абдурауф Абдурашидов, Маъруфжон Пўлатов, “Ёш академик”ларимиз Илёс Зияев, Асилбек Дилшодов, Муҳаммадаюб Бобоевлар ана шундай ёшлар сирасига киради.
Институтимизнинг “Ёш академик”лар терма жамоаси, “Ёш волонтёрлар”, "Андижон полкаси" рақс гуруҳи, "Ботир Зокиров" номидаги ёш гитарачилар гуруҳи, “Шифокорлар” театр жамоаларининг эришаётган ютуқлари ҳақида кўп гапириш мумкин.
"Ёшлар куни" муносабати билан Андижон давлат тиббиёт институтининг 8 нафар талабаси Андижон вилояти ҳокимининг стипендиясига сазовор бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июндаги "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан яна бир иқтидорли талабамиз Исломбек Бекташев "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан тақдирланди.
Иқтидорли талабаларни қўллаб - қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини руёбга чиқариш мақсадида институтда “Ёш олимлар Кенгаши” фаолият олиб бормоқда. Институт қошида 50 дан ортиқ тўгараклар мавжуд бўлиб, улардан 38 таси фан тўгараклари ҳисобланади.
2021 йил февраль ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясида институтнинг 3 нафар талабаси “Ёш академик” унвонига сазовор бўлди. Бундан ташқари, институтимизда “Янги Ўзбекистон – янги дунёқараш” шиори остида жуда кўп маънавий-маърифий, илмий, ижодий танловлар ўтказилаётганлиги ҳам талабаларимизнинг билим ва фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, бугун юртбошимиз ташаббуси билан ёшлар учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Ёшларга нафақат эътибор, балки юксак ишонч билдирилмоқда. Ёшларимиз ана шу эътибор ва ишончга муносиб бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги хайрли ишларда фаол иштирок этиши, юртбошимизга камарбаста бўлиши лозим. Бу йўлда биз – зиёлилардан талаб қилинаётгани вазифа, яъни улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўладиган авлодни тарбиялашдир. Зиммамиздаги вазифанинг юки нақадар оғирлигини ҳис қилиб ишласак, юракдан меҳнат қилсакгина устозлик ҳаққини адо этган бўламиз.
Мирзоҳид БОТИРОВ,
Андижон давлат тиббиёт институти проректори, фалсафа доктори