Қашқадарё вилоятида жойлашган “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ нафақат мамлакатимиз саноатининг юраги, балки иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим стратегик рол ўйнаётган йирик корхона ҳисобланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти матбуот хизмати ташаббуси билан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Жараёнда корхонада ишлаб чиқариш қувватларини барқарор сақлаб туриш мақсадида сўнгги йилларда амалга оширилган лойиҳа ва ислоҳотлар ҳамда келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бу ҳақда “Шўртан ГКМ” МЧЖ Бош директори Шуҳрат Асланов қуйидагиларни маълум қилди.
Таъкидланишича, 24 йилдан буён фаолият юритиб келаётган мажмуа, технологик қурилмаларнинг анча эскирган ҳолатига қарамасдан, ишлаб чиқаришни юқори самара билан давом эттирмоқда.
Сўнгги йилларда мажмуанинг ишлаб чиқариш қувватини мустаҳкамлаш мақсадида йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, 2023-2024 йилларда авария ҳолатларига қарши HIMA бошқарув тизими (1,7 миллион доллар) ва DCS Honeywell марказлашган бошқарув тизими (2,4 миллион доллар) жорий этилди. Шунингдек, буғ қозонлари, деминералланган сув қурилмаси, азот ва ҳаво тайёрлаш тизимлари ҳамда плёнка ишлаб чиқариш қурилмалари автоматлаштирилди. Умуман олганда модернизация ишларига 120 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
“Шўртан ГКМ” нафақат мустақил, балки бошқа йирик корхоналар билан ҳамкорликда барқарор ишлаб чиқариш тизимини мустаҳкамламоқда. Айниқса, “Uzbekistan GTL” заводи ва Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси билан ҳамкорликда амалга оширилган кластер лойиҳалари муҳим аҳамият касб этди. 2022 йилда 157 миллиард сўмлик қийматдаги 1020 ммли, 33 километр узунликдаги газопровод қурилиши якунланди.
Бу лойиҳа орқали этанга бой табиий газни GTL ва “Шўртан ГКМ”га етказиб бериш имкони яратилди. Шунингдек, 30 миллиард сўмлик 25 километрли ҳаво линияси тармоғи ҳам фойдаланишга топширилди. Якунига етаётган 101 миллиард сўмлик паропровод лойиҳаси эса мажмуани узлуксиз буғ ва азот билан таъминлайди.
Мамлакатдаги умумий “яшил энергия” сиёсатидан келиб чиқиб, 2024 йилда мажмуа ҳудудида қуввати 5,3 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Кўча ёритиш тизими тўлиқ қуёш панелли ёнғинлар ва ҳаракат датчикли лампаларга алмаштирилди. Энергия тежамкор насослар жорий этилди. Ҳар куни ўртача 25-30 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса умумий истеъмолнинг 10 фоизини қоплаб, йиллик 10 миллион кВт/соатгача тежашни таъминламоқда.
Корхонада маҳаллийлаштириш ва импортни камайтириш йўлида ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2024 йилда “Techno Cable Group” ва Хитойнинг қўшма лойиҳаси асосида 8 миллион долларлик кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи Қарши шаҳрида қурилиши бошланди. Лойиҳа тугагач, йилига 35 минг тонна компаунд ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу нафақат янги иш ўринлари, балки маҳаллий хомашёни қайта ишлашни кенгайтиришга хизмат қилади.
[gallery-23909]
Мажмуа кадрлар сиёсатига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Президент фармони асосида Қарши муҳандислик ва иқтисодиёт институти (ҳозир Қарши техника университети) билан ҳамкорликда “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилди. Шу билан бирга, Германиянинг “Авестос” компанияси билан қиймати 2,3 миллион доллар бўлган битим асосида 6 та политехникумда немис таълим дастурлари жорий этилди.
Бундан ташқари, 2019-2025 йилларда 116 нафар талаба “Шўртан стипендияси” совриндори бўлган, 114 нафари амалиёт ўтаб, 51 нафари доимий ишга қабул қилинган. 10 нафар ёш мутахассис эса бошқарув ва муҳандис-техник лавозимларига кўтарилган.
Хулоса ўрнида, “Шўртан газ кимё мажмуаси” нафақат юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни таъминламоқда, балки минтақадаги барқарор иқтисодий ўсиш ва саноатлашувга жиддий ҳисса қўшмоқда. Модернизация, энергетик диверсификация, маҳаллийлаштириш ва илғор таълим билан боғлиқ лойиҳаларнинг барчаси бир мақсад – барқарор ва самарали ишлаб чиқаришни таъминлашга қаратилган. Мажмуа фаолияти бугунги кунда саноат ислоҳотларининг муваффақиятли намунаси сифатида хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари