Юқори ҳосилдорликка эришиш юзасидан ёшлар фикри тингланди
Шоличилик илмий-тадқиқот институтида “Ёшлар куни” тадбири бўлиб ўтди. Унда институт директори А.Мансуров ёш изланувчилар, таянч докторантлар ва илмий ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашув давомида мамлакатимизда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларнинг амалий аҳамиятини ошириш ҳамда аграр соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг ўрни ва масъулияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирнинг навбатдаги қисми илмий-маърифий мулоқот шаклида ташкил этилди. Унда қишлоқ хўжалиги вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг марказий нашрларда чоп этилган мақолалари юзасидан батафсил муҳокамалар ўтказилди.

Хусусан, “Қишлоқ ҳаёти” газетасида эълон қилинган “Яхши уруғ – ақлли компьютер, яъни "HARDWARE", тўғри агротехника – уни ишлатадиган "SOFTWARE" номли мақола институтнинг илмий кадрларни тайёрлаш бўлими мутахассиси А.Норматов томонидан кенг шарҳлаб берилди. Таъкидланганидек, юқори ҳосилдорликка эришиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва рақобатбардош маҳсулот етиштиришда сифатли уруғлик ҳамда замонавий агротехнологиялар уйғунлиги ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “2050 йил дастурхони: Инсониятни ким ва қандай боқади?”, “Олимлар яратаётган илмий маҳсулот нега бозорини топа олмаяпти?” ҳамда “Қуйидан – илм чўққисига: инновациянинг янги занжири ёхуд грант, олим, хонадон, фермер ва бозорни бирлаштирадиган тизим ҳақида” номли мақолалар ҳам ёш олимлар ва институт жамоаси томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилинмоқда.

Мазкур мақолаларда глобал озиқ-овқат хавфсизлиги, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар кўтарилгани алоҳида эътироф этилди. Муҳокамалар жараёнида ёш тадқиқотчилар ўз фикр ва мулоҳазалари билан фаол иштирок этиб, илмий натижаларни амалиётга татбиқ этиш, инновацион ғояларни тижоратлаштириш ва аграр тармоқ самарадорлигини ошириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Гулноза Бобоева, ЎзА