Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Рустам Ассакаловнинг Мўғулистонда ўтказилаётган Осиё чемпионатидаги иштироки билан мазкур йўналишдаги баҳсларга якун ясалди.
-97 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ассакалов финалда эронлик Меҳди Балиҳамзега қарши гиламга чиқди. Афсуски, беллашув эронлик курашчининг ғалабаси билан якунланди ва спортчимиз Осиё чемпионатининг кумуш медали билан кифояланадиган бўлди.
Шунингдек, -82 килограмм вазн тоифасида бронза медали учун баҳсда япониялик Юя Окажимани мағлуб этган Муҳаммадқодир Расулов ҳам шоҳсупага кўтарилди. Маҳмуд Бахшуллаев (-67 кг) ва Мирзобек Раҳматов (-72 кг) эса ушбу босқичда имкониятни бой бериб қўйди, – дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Шу тариқа “классик”ларимиз Осиё чемпионатида 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини жамғаришди.
21 апрель куни аёллар кураши бўйича баҳсларга старт берилади.
ЎзА