Оммавий ахборот воситаларида гендер тенглигини тарғиб қилиш ва оммавий ахборот воситалари ходимлари салоҳиятини кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Aҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПA) Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси ҳамкорлигида “Гендер-сезгир контент яратиш” мавзусида медиа-тренинг ташкил этилди.
Икки кунлик семинарда журналистлар, бош муҳаррирлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари гендерга оид хабарлар ва унинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида чуқурроқ тушунчага эга бўлдилар.
Ушбу тренинг Ўзбекистон медиа ландшафтида гендер тенгликни оширишга қаратилган кенгроқ ташаббуснинг бир қисми сифатида ташкил этилди.
Кун тартибида бир қатор муҳим мавзулар, жумладан, Ўзбекистоннинг гендер масалалари бўйича ҳуқуқий асослари, оммавий ахборот воситалари ходимларининг гендер нуқтаи назаридан сезгир ва камситилмайдиган журналистик материалларни тайёрлаш салоҳиятини ошириш зарурлиги кўриб чиқилди.
Иштирокчилар аёлларга нисбатан зўравонликнинг асосий турлари ва шаклларини, уларнинг аёллар ҳаётига таъсирини ўрганиб, зулм ва зўравонлик мавзуларини сезгирлик ва туғри ёритиш бўйича ўз кўникмаларини оширди. Муҳокамалар, интерфаол тақдимотлар ва гуруҳ машғулотларида қатнашди.
ЮНФПA дастурининг гендер масалалари бўйича мутахассиси Дилора Ғаниева жамиятда гендерга нисбатан муносабатни шакллантиришда оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
- Оммавий ахборот воситалари идрокларга таъсир қилишнинг ўзига хос кучига эга, - деди Дилора Ғаниева. – Биз ишлаб чиқараётган контент гендерга боғлиқ бўлишини таъминлаш орқали биз нафақат тенгликни тарғиб қиляпмиз, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиляпмиз.
Тренингда иштирокчиларга зўравонликка учраган аёллар билан суҳбатлашиш борасида амалий воситалар ва услублар тақдим этилди.
Семинар доирасида журналистлар гендерга асосланган зўравонлик ҳақида реал ҳаётда репортажлар тайёрлашга мўлжалланган симуляция сценарийларида масъулиятли интервью олиш усулларини машқ қилди.
Икки кун давомида иштирокчилар гендер тенглиги ва гендер асосидаги зўравонлик билан боғлиқ мавжуд миллий қонунчилик базасини муҳокама қилди ва кўриб чиқди.
Н.Усмонова, ЎзА