Юксак эҳтиром намунаси
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва нуронийларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига бўлган эътиборни янада мустаҳкамламоқда.
Президент раҳбарлигида юртимизда эзгулик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда нуронийлар, эҳтиёжманд оилалар ҳамда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этяпти.
Ана шундай савобли ишлар давоми сифатида юртдошларимиздан 100 нафар фуқаро “Президент ҳожиси” деган юксак мақомга муносиб кўрилиб, муборак Ҳаж сафарига йўл олиш бахтига мушарраф бўлмоқда. Бу ташаббус нафақат эҳтиром ва эътироф рамзи, балки инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

Бухоро вилоятидан узоқ йиллар давомида халқ хизматида фидокорона меҳнат қилган, жамият ҳаётида фаол иштирок этган 7 нафар нуроний ва фаол юртдош танлаб олиниб, уларга “Президент ҳожиси” учун ажратилган махсус совғалар ва Ҳаж йўлланмаларини топшириш маросими юқори савияда ташкил этилди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Азиз Қаландаров, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги, Маҳаллалар уюшмаси ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Маросим давомида М.Абдуллаева, Х.Абдуллаев, Г.Раззоқов, З.Шарипова, О.Муродова, М.Фаттоҳов ва Д.Шукуроваларга ҳаж йўлланмаси сертификатлари, махсус сумка ва чемадон жамланмалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, икки нафар юртдош — М.Фаттоҳов ҳамда Д.Шукуровага телевизорлар ҳам тақдим этилди.
“Президент ҳожиси”нинг сафари ҳар томонлама муносиб ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 17 май куни “Бухоро–Тошкент” йўналишидаги темир йўл чипталари олиб берилди. Шу билан бирга, сафар давомида ҳамроҳлик қилиш учун вилоят ҳокимлигидан масъул ходим бириктирилди.

Шунингдек, ҳожиларни муносиб кузатиш ва уларни Ҳаж зиёратидан қайтишларида самимий кутиб олиш билан боғлиқ барча ташкилий ишлар юқори даражада амалга оширилиши белгиланди.
Бундай эзгу ташаббуслар юртимизда инсон манфаати ва қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсати амалда ўз ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин намунасидир. Айниқса, нуронийларга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ва ғамхўрлик халқимиз орасида меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири