Юк машинасига яширилган тамаки маҳсулотлари манзилига етолмади
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона постида икки ҳолатда мамлакатимиз ҳудудига 323 қути сигарет ва 680 дона никотинли снюс яъни, тутунсиз никотин маҳсулотининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.
Божхоначилар қўшни давлатдан мамлакатимиз ҳудудига кириб келган юк автотранспорт воситасини белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказганида кабинасининг том қисмида хуфиёна тарзда яширилган 140 қути сигарет ҳамда 530 дона никотинли снюс маҳсулоти борлиги маълум бўлди. Иккинчи ҳолатда юк автотранспорт воситаси кабинасидан яширинча олиб ўтишга уринилган 183 қути сигарет ва 150 дона никотинли снюс маҳсулоти ушлаб қолинди.

Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири