Ёзёвонда аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари Ёзёвон, Данғара, Олтиариқ, Фарғона туманларида бўлиб, аҳоли муаммолари ва ижтимоий аҳволини ўрганди.
Жараёнда Ёзёвон тумани Қорасоқол маҳалласида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнига Фарғона вилоятидаги барча ихтисослашган марказларнинг мутахассислари жалб этилди.
– Бугунги тиббий кўрикда 2038 нафар фуқародан 1412 нафари соғлом деб топилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тошмуҳаммад Саримсоқов. – Касаллиги аниқланган 604 нафар беморнинг 567 нафарига амбулатор даво чоралари кўрилди. 37 нафар фуқаро стационар даволаниш учун шифо масканига юборилди.
[gallery-10961]
Тадбир доирасида вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи О. Собиров ва Ёзёвон туман прокурори, 2-сектор раҳбари И. Хўжаев ҳамда маҳаллий тиббиёт ходимлари кўмагида хонадонма хонадон ўрганишлар олиб борилиб, беморлар ҳолидан хабар олинди.
– Дунёдаги энг катта бойлик – инсон саломатлиги экан, - дейди 60 ёшли Исроил Ҳожихонов. – Бемор бўлгач, унинг қадрига кўпроқ етдик. Бизнинг ҳолимиздан хабар олиш учун келган шифокорларга чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз. Ташкилотчиларга минг раҳмат.
Тиббий кўрик вақтида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ҳамда касалликларни ўз вақтида олдини олиш мақсадида “Юқумли бўлмаган касалликлар ва унинг профилактикаси”, “Жисмоний фаоллик ва унинг аҳамияти” мавзуида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА