| Y | D | S | CH | P | J | SH |
|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 |
| 8 | 9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 |
| 15 | 16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 |
| 22 | 23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 |
| 29 | 30 | 1 | 2 | 3 | 4 | 5 |
Ёзёвон вилоятнинг тиббиёт марказига айланмоқда

Ўзбекистон инсон қадри юксак даражага кўтарилган мамлакат. Тўғри, ҳали қилинадиган ишлар, масалан, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилиши лозим вазифалар оз эмас. Лекин, муҳими шундаки, соҳанинг долзарб муаммолари маълум ва улар босқичма- босқич ҳал қилиб бориляпти.
Ёзёвон тумани Марказий Фарғона чўлларининг ҳали ҳам марказида дейиш мумкин. Бир ёнда Улуғнорнинг қум барханлари, бир томонда Мингбулоқ чўллари ўраб туради уни. Аҳолиси ҳам энди 110 минг нафарга етди. Саноат корхоналари, иқтисодиёти ўзига яраша. Санацияланувчи тоифадан энди чиқиб қолиши кутиляпти. Шундай жойда тиббиёт, тиббий хизмат қай даражада, деб ўйлайсиз.

Бу ерда беморда анъанавий тарзда жарроҳлик амалиёти қилинмаяпти. Замонавий лапороскопик тиббиёт ускуналарида компьютер, видеокамера ёрдамида авваллари “оғир” деб тоифаланувчи жарроҳлик турлари амалга оширилмоқда.
– Бу аппаратнинг афзаллиги, бемор танасини кесмасдан, балки тирқишдан ички аъзоларга кириб юқори мураккабликдаги жарроҳликни амалга ошириш мумкин. Унда биз ўт-тош касаллиги, аёллар хасталиги, йўл- транспорт фожеаси натижасида аниқлаш мураккаб бўлган жароҳатлар ҳамда видео камера ёрдамида юқори аниқликда ташхис қўйиш амалиётини ўтказиб келяпмиз, – дейди жарроҳ Азамат Хўжараҳимов.

Қўшма шикастланишлар ва ўткир қон- томир касалликлари марказида 50 ўринли, одатий шифохонада эса 200 ўринли даволаш бўлимлари туну кун аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бугун қорин бўшлиғида мураккаб жарроҳлик ўтказган Ҳамзаали Тўхтасинов ўзини яхши ҳис қилаётган экан.
– Ўт қопимда тош борлиги учун анча азоб тортдим. Врачга мурожаат қилишга чўчиганман, чунки қорнимни кесиб даволайди деб ўйлагандим, – дейди бемор. – Кейин билдимки, Ёзёвондаги шифохонада лапороскопия аппаратлари ҳам мавжуд экан. Қорнимни кесмасдан кичик йўлак орқали операция қилиб ўт пуфагимдаги тошларни олиб ташлашди. Шундай шароитни яратган давлатимизга катта раҳмат.

Марказ Ёзёвон, Тошлоқ, Қўштепа туманлари, Марғилон шаҳри ҳамда Андижон вилоятининг қўшни Улуғнор ва Бўстон туманларидаги оғир ҳолатдаги беморларни қабул қилишга мўлжалланган. Бундан ташқари, Тошкент-Андижон йўлининг 49 километри туман ҳудудидан ўтган бўлиб, йўл- транспорт ходисаларида шкастланган беморларга биринчи шошилинч ёрдам шу ерда кўрсатилади. Яъни мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилади. Тажрибали нейрохирурглар замонавий русумдаги компютер томогрофи, УЗИ, рақамли рентгет аппаратлари, жамики ташхис қўйиш учун керакли бўлган асбоб-ускуна билан таъминланган.

– Бу мажмуа қурилишига бюджетдан 8 миллиард сўм ажратилган. Уни жиҳозлашга эса 1,8 миллион доллар сарфланди. Дунёнинг тиббий техника ривожланган мамлакатларидан ноёб жарроҳлик ускуналари келтириб ўрнатилди, – дейди Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Тошмуҳаммад Саримсақов. – Биз марказ қурилиши бошланган кунданоқ малакали шифокорлар билан таъминлаш масаласига киришдик. Бюджет ҳисобидан магистратурага ўқишга юбордик, устоз-шогирд анъанасини жорий қилиб тажрибали нейрохирургларни жалб этдик. Ҳозир мутахассис масаласида муаммомиз йўқ.

Ёзёвондаги марказ ва шифохонада номи тилга тушган нейрохирург, реаниматолог, жарроҳ, терапевт ва гинекологлар бор. Уларнинг барчаси касбий малакаси юқори шифокорлардир. Шунинг учун ҳам бу ерга вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ҳам беморлар келмоқда. Улар эса қабул бўлимидаёқ аҳволига қараб уч ранг бўйича йўналтирилади.

– Қизил чизиқ энг оғир, реанимацияга жойлаштириладиган касалларни бўлимга олиб боради. Сариқ чизиқ эса ўрта даражадаги беморлар касалликларини аниқлаб, бўлимларга ётқизишга йўналтирилади. Яшил ҳудуд эса амбулатор ҳизмат кўрсатиладиган беморлар учун ажратилган хоналарга етаклайди, – дейди туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон- томир касалликлари маркази бўлим мудири Мухторжон Мирзақулов.
Ҳа, Фарғонанинг чўлга туташ Ёзёвонида тиббиёт, тиббий хизмат шу даражага етибдики, бу аввало инсон қадри юксалаётганининг инъикоси эмасми?

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари
Муаллиф: Muhammadjon Obidov




