Ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик масалалари таҳлил қилинди
“Олимпия шаҳарчаси”даги Сув спорт турлари саройида 19 сентябрь-4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи–Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган XX Осиё ўйинларига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди.
“Uzbekistan Aquatics” федерацияси томонидан ташкил этилган йиғилишда сув спорт турларининг барча йўналишлари бўйича мамлакатимиз спортчиларининг Осиё ўйинларига тайёргарлик ҳолати юзасидан бош мураббийлар ҳамда миллий терма жамоа мураббийларининг ҳисоботи тингланди.

Мулоқот жараёнида “Uzbekistan Aquatics” федерацияси мутасаддилари миллий терма жамоа таркибини шакллантириш юзасидан ўз фикр ва кўрсатмаларини айтиб ўтди.

Шундан сўнг миллий терма жамоага номзод спортчиларнинг халқаро мусобақалардаги натижалари, амалдаги рейтинг кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, Осиё ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирокига оид прогнозлар, кўрсаткичларнинг ўсиш ва пасайиш динамикаси юзасидан таклиф ва таҳлиллар билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, XX ёзги Осиё ўйинларида 45 мамлакат спортчилари 41 та спорт турида ғолиблик учун кураш олиб боради. Энг кўп медаллар жамланмаси енгил атлетика ва сув спорт турларига тегишли бўлади.
Т.Рўзиев, ЎзА