Ёз фаслининг иссиқ ҳавоси нафақат инсон саломатлиги, балки истеъмолга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги учун ҳам катта таҳдид солади. Бу эса овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича 600 миллионга яқин одам сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари туфайли касалланади. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам мавсумий хавфни бартараф этиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки беш ойида мамлакат бўйича 14 та овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган, натижада 42 нафар фуқаро, жумладан, 17 нафар бола жабрланган. Энг кўп ҳолатлар — консерва маҳсулотлари орқали юқадиган ботулизм касаллиги билан боғлиқ бўлиб, 23 нафар инсонни зарарлаган.
Шу каби мавсумий хавфнинг олдини олиш, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозорда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш мақсадида жорий йилнинг 25 июнь куни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмаси ва Шайхонтоҳур туман жамияти вакили, Чорсу деҳқон бозори маъмурияти бошчилигида махсус рейд ташкил этилди.
Текширув Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда қабул қилинган чора-тадбирлар иш режаси асосида ўтказилди ва бирма-бир бозор ҳудудидаги савдо расталари, гўшт, сут, тухум, салат, қандолат маҳсулотлари ва айниқса кремли тортлар ҳамда уй шароитида тайёрланган таомлар кўриб чиқилди. Шу билан биргаликда, савдо нуқталаридаги маҳсулотларнинг яроқлилик муддати, сақлаш шароитлари, санитария-гигиена талабларига амал қилиниши ҳамда ветеринария лабораторияларидан ўтганлиги текширилди.
Ачинарлиси, баъзи маҳсулотлар кундаги юқори ҳароратда тўғри сақланмаётгани, баъзиларининг эса муҳр ва ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотларсиз сотилаётгани аниқланди. Бозор гумбази ичидаги савдо нуқталарида эса айрим сотувчилар тез-тез чироқ ўчиши билан боғлиқ муаммо кузатилаётгани, бу эса махсус музлаткичларда сақланаётган қатиқ ва салат маҳсулотларининг сифатига таъсир қилаётганини билдирди. Айрим расталарда эса мева-сабзавотларнинг нархи жойлаштирилмаган, бу ҳолатни шунингдек, гўшт растларида ҳам учратдик. Гўшт маҳсулотларини сотиб олаётганда ҳам истеъмолчилар хушёр бўлишлари лозим, хусусан антисанитар шароитда, ҳеч қандай кўрик хулосаси бўлмаган гўшт маҳсулотларини сотиб олишда эҳтиёт талаб этилади.
Бугун расталарда колбаса маҳсулотларининг жуда кўплаб турлари сотилади. Бироқ, Ишлаб чиқариш корхонаси, манзили ва бошқа маҳсулотни тайёрлашга оид маълумотлари бўлмаган колбаса ва бошқа ҳар қандай маҳсулотлар номаълум шароитда тайёрланган ҳисобланади. Буни қарангки, айрим сотувчилар ушбу тегишли маълумотларсиз ҳолда сотилаётган маҳсулотларни махсус буюртма асосида келтириб сотаётганликларини билдирмоқда. Шу ўринда савол туғилади, мадомики, сотувчи айтаётган шу каби махсус буюртма асосида ишлаб чиқарувчилар белгиланган қонуний тартибда фаолият юритаётган бўлса, нега маҳсулот қадоқларида буни очиқ кўрсата олмайди? Умуман, бундай маҳсулотлар истеъмолчининг саломатлигига зарар етказмаслигига ким кафолат беради?
Яна бир ҳолат, Санэпидқўмита вакиллари билан тайёрланган аввалги кўрсатувларимизнинг бирида бизга тухум маҳсулотларининг +4 +6 даража салқин ҳароратда сақлаш лозимлиги ҳақида маълумот берилган эди. Аммо Чорсу бозорида олиб бораётган текширувимиз жараёнида тушга яқин, ҳаво ҳарорати 35 дан юқори эди. Жазирама иссиқ об-ҳаво шароитида расталарда тухумнинг эркин сотилаётганлиги эса фуқаролар саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради. Шунингдек, майонез ва сут маҳсулотларининг сақлаш шароитларига зид равишда, айрим рангли ичимликларнинг эса муддати ўтган ҳолатда ветриналарда қўйиб сотилаётганлигига гувоҳ бўлдик.
Бундан ташқари, қандолат маҳсулотлари расталарида ҳам бўлдик:
“Авваламбор, қандолат маҳсулотларини усти очиқ ҳолатда сотиш мумкин эмас. Чунки расталар оралаб харидорлар юрганида чанг кўтарилади ва турли инфекциялар қўшилиб, чанг ушбу маҳсулотларнинг устига ўтириши мумкин. Кейин бу маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш корхонасининг номи бор-у, манзили йўқ. Қолаверса, ишлаб чиқарилган сана ва сақлаш муддати ҳам кўрсатилмаган. Бундай маҳсулот эса истеъмол қилиш учун шубҳа уйғотади ва маҳсулот сифатли ва зарарсиз эканлигига кафолат йўқ” дейди, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмаси раиси ўринбосари — Собир Абдураимов.
Рейд чоғида шунингдек, истеъмолчиларга ҳам тавсиялар берилди. Хусусан, уларга маҳсулотларни харид қилишда яроқлилик муддатига эътибор қаратиш, савдо нуқталарининг санитар ҳолатига диққат қилиш, номаълум ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларидан эҳтиёт бўлиш, савол туғилганда бозор маъмуриятига мурожаат этиш кераклиги уқтирилди.
Текширув ниҳоясига етгач, ортга қайтдик ва юқорида аниқланган камчиликлар бўйича барча маълумотлар бозор маъмурияти раҳбарига маълум қилинди. Маъмурият раҳбари бу ерда иш бошлаганига ҳали кўп бўлмагани, аниқланган ушбу камчиликлар зудлик билан бартараф қилиниши ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўйилмаслигини маълум қилди.
Камчиликлар юзасидан тузилган далолатнома эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотларга чора кўриш учун юборилиши айтилди.
Таъкидлаш жоиз, бу каби камчиликлар албатта, бошқа бозорларда ва савдо нуқталарида ҳам учрамаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Аммо ҳар доим истеъмолчида танлов имконияти бўлади ва даставвал, харид қилаётган маҳсулоти ҳақидаги маълумотни сотувчидан талаб қилиб танишиб чиқиши, маҳсулот сифатли эканлигига амин бўлгачгина, уни сотиб олиш ҳуқуқлари бор. Бу билан эса истеъмолчи нафақат сарфлаган пулига ачинмайди, балки ўз саломатлигини сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотга алишмаган бўлади.
Текширувларимиз давом этади.
P/S: Диққатимизни тортган яна бир ҳолат, бозор ичидаги илгариги тартибсизликлар ва камчиликлар умуман олганда бир мунча бартараф этилган. Ҳар ҳолда бозор маъмурияти томонидан бу гал самимий кутиб олиндик ва назорат текширувимиз ҳам рисоладагидек ўтди. Камчиликлар айтилганида бозор маъмурияти бизга пўписа қилмади, аксинча, одамгарчилик юзасидан ваколатимизга доир вазифаларимизни эркин олиб боришимизга қулай шароит яратиб берди.
Яъни биз бир неча йиллар аввалгидек ҳурматсизликка дуч келмадик ёки босим кайфиятидаги “қўнғироқ”ларни қабул қилмадик. Нарх-наволар ҳам барқарор. Бу эса ўз навбатида бозор маъмурияти раҳбарининг ўзгарганлиги билан боғлиқ ҳолатлигини кўрсатади.
Ҳар қандай ташкилотнинг ўсишини истаган раҳбар албатта, билдирилган танқидларга келажак меваси сифатида қарайди ва камчиликларни шу тариқа бартараф этиб қўяди.
Ва, аминмизки, юқорида аниқланган камчиликлар ҳам янги раҳбар бошчилигида тез фурсатларда бартараф этилади.
Батафсил видеода:
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lmg0sXgnxGg" title="Yoz mavsumda ozik-ovkat havfsizligi: Chorsu bozoridagi raid natizhalari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА