“Ёз – 2026” мавсуми якунлари сарҳисоб қилинди
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “НКМК” АЖ, НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши ҳамда “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳамкорлигида ёзги мавсум якунига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Унда “Ёз – 2026” мавсумининг якунлари сарҳисоб қилиниб, энг намунали оромгоҳлар аниқланди.
“Ёз – 2026” мавсуми жорий йил 6 июндан старт олди. Пухта режа ва юксак масъулият билан ташкил этилган мавсум давомида 11 та оромгоҳда 4 мавсумда жами 12 минг 422 нафар бола соғломлаштирилди. Шундан 6 та стационар оромгоҳда 11 мингдан ортиқ бола дам олган бўлса, шаҳар ичидаги оромгоҳлар ҳамда меҳнат ва дам олиш масканларида ҳам юзлаб болалар мароқли ҳордиқ чиқарди.

– Мавсум давомида энг устувор вазифамиз болаларнинг ҳаёти, саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилди, – дейди “НКМК жамғармаси” ДМ 7-сонли Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Мўмина Нуримова. – Ҳар бир оромгоҳда малакали тиббиёт ходимлари туну кун навбатчилик қилди, тез тиббий ёрдам автомашиналари бириктирилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, тайёрланадиган таомларнинг хавфсизлиги ва ичимлик суви ҳолати доимий назорат остида бўлди. Энг муҳими, мавсум давомида бирорта ҳам заҳарланиш, юқумли касаллик ёки фавқулодда ҳолат қайд этилмади. Оромгоҳларимизда юздан ортиқ педагог ва мураббий фаолият олиб бориб, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Болалар спорт билан шуғулланди, ижод қилди, янги билимларни эгаллади. “Шахмат”, “Кулолчилик”, “Компьютер саводхонлиги”, “Тил ўрганамиз”, “Китобхонлар” каби тўгараклар ёшларнинг қизиқишларини ривожлантириб, уларнинг истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилди. Шунингдек, “Ёш қутқарувчи”, “Заковат”, “Қувноқ стартлар”, “Дўстлик ҳафталиги” каби тадбирлар ташкил этилди.
Кўрик-танлов натижаларига кўра, ўзининг 65 йиллигини кенг нишонлаган Навбаҳор туманининг Сармишсой дарасида жойлашган “Сармиш” оромгоҳи 1-, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида жойлашган “Болажон” оромгоҳи 2- ва Бўстонлиқдаги Чорвоқ сув ҳавзаси бўйида жойлашган “Паҳлавон” оромгоҳи эса 3-ўринни эгаллади.

Тадбир давомида энг фаол оромгоҳлар ва ташкилотчилар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири