Ёшларнинг ягона электрон платформаси
Жиззах вилояти Зомин туманида ўтказилган навбатдаги амалий семинар “Ёшлар ягона электрон платформаси” имкониятлари, унинг амалий аҳамияти ва фойдаланиш тартибларини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланди.
Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманларидан келган мутасадди ташкилотлар вакиллари, ёшлар билан ишловчи масъул ходимлар иштирок этган семинарда, аввало, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ижроси, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рақамли хизматлардан кенг фойдаланиш имкониятларини яратишга қаратилган устувор вазифалар алоҳида таъкидланди. Бу борада “Инсон қадри учун” тамойили ёшлар тақдири ва келажагида ўзининг амалий ифодасини топаётгани қайд этилди.

Тадбир давомида “Ёшлар ягона электрон платформаси”нинг мазмун-моҳияти атрофлича очиб берилди. Қайд этилганидек, мазкур платформа ёшлар ҳаётига дахлдор барча хизмат ва имкониятларни бир нуқтага жамлаган замонавий рақамли тизим бўлиб, у орқали таълим, бандлик, тадбиркорлик, грантлар ва субсидиялар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби йўналишлардаги маълумотлар ва хизматлардан тезкор ва қулай фойдаланиш мумкин.

Айниқса, платформанинг ҳар бир ёш учун шахсий электрон профил яратиш, унинг қизиқишлари, эҳтиёжлари ва имкониятларини таҳлил қилиш орқали манзилли ишлаш имконини бериши алоҳида аҳамият касб этади. Бу эса ёшлар билан ишлашда расмиятчиликдан воз кечиб, ҳар бир инсон тақдирига индивидуал ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.

Семинарда иштирокчиларга платформадан самарали фойдаланиш механизмлари батафсил тушунтирилиб, амалий мисоллар асосида кўрсатиб берилди. Шунингдек, тизимни янада такомиллаштириш, унинг функционал имкониятларини кенгайтириш ва жойлардаги иш самарадорлигини оширишга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Бугун рақамли технологиялар шиддат билан ривожланаётган шароитда ёшлар билан ишлаш тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш — давр талаби. “Ёшлар ягона электрон платформаси” ана шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда яратилган бўлиб, у ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этишда ишончли кўприк вазифасини ўтамоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири