Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари узвийлигини таъминлаш учун комиссия тузилади
Президентимиз маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Мактаб – тараққиётнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидир” деган сўзларини ёдга олди. Ўғил-қизларимиз учун бу дарвозани янада кенг очиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш Учинчи Ренессанс ғоясининг ўзагидир.
Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожланар экан, янги касблар пайдо бўлмоқда, мавжуд касблар ҳам бошқа кўникмаларни талаб қилмоқда. Шу боис, мактаб битирувчиси катта ҳаётга тил ва касбни эгалламасдан чиқмаслиги керак.
– Болани мактабдан касб, тил ўргатмасдан чиқариш – унинг келажагига бепарволик эмасми, – деди Президентимиз.
Директорлар ўқувчилар қайси тил ва касбни ўрганаётгани, битирганда қандай ҳунарга эга бўлиши ҳақида жиддий ўйлаши зарурлиги қайд этилди.
Мактаб раҳбарларига зарур ваколатлар берилади, ҳамкорликка тайёр тадбиркорларга шароит яратилади. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари узвийлигини таъминлаш учун комиссия тузилади; уч ой ичида янги ечимлар эълон қилинади.
ЎзА