Ёшларимиз Грузия ҳукумати вакиллари билан учрашди
Халқаро ёшлар оромгоҳи доирасида ўзбекистонлик ёшлар Грузия таълим, фан ва ёшлар вазири ўринбосари Бая Квициани ҳамда Ёшлар агентлиги раҳбарияти билан учрашди.
Дунёнинг турли нуқталаридан келган, тили ва маданияти турлича, аммо мақсадлари муштарак бўлган ёшлар бир жойга тўпланса нима бўлади? Албатта, дунёни яхшироқ томонга ўзгартира оладиган янги ғоялар ва лойиҳалар туғилади. Мамлакатимиз бугун ана шундай креатив ва интилувчан ёшларнинг глобал учрашув масканига — Халқаро ёшлар оромгоҳлари марказига айланиб улгурди. Бу ерда йигит-қизлар нафақат ҳордиқ чиқаради, балки экология, инклюзия ва инновациялар бўйича келажак режаларини тузади.

Мулоқотда ёшлар сиёсатидаги тажриба алмашинуви билан бир қаторда, икки давлат ёшлари учун янги имкониятлар яратиш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича янги таклифлар илгари сурилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, эндиликда ушбу мулоқотлар Ўзбекистон ва Грузия ёшлари ўртасида янги ташаббуслар, қўшма лойиҳалар ва тажриба алмашинуви учун хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА