Ёшлардан Ватанга садоқат ваъдаси
Фарғона шаҳридаги Ал-Фарғоний хиёбонида «Жасорат мактаблари» ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш маросими бўлиб ўтди. Унда ёшлар Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва тинчликни асраш каби эзгу тамойилларга содиқ бўлишга аҳд қилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 ноябрда қабул қилинган «Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган «Жасорат мактаблари» ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик тайёргарлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда Фарғона вилоятида 19 та «Жасорат мактаби» фаолият юритмоқда. 2026/2027 ўқув йилида саралаш синовлари, жумладан, тест ва жисмоний тайёргарлик имтиҳонлари натижаларига кўра, ушбу мактабларга 494 нафар иқтидорли ўқувчи қабул қилинди.
Тантанали тадбир давлат мадҳияси ижроси билан бошланди. Ўқувчиларнинг сафдаги ҳамжиҳатлиги, ҳарбийларга хос чиқишлари ва кўтаринки кайфияти маросимга алоҳида руҳ бағишлади. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, педагоглар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
— «Жасорат мактаблари»да ўқувчилар математика, чақириққача бошланғич тайёргарлик, тарих, чет тили ва физика фанларини чуқур ўзлаштириш билан бирга, робототехника, тиббий тайёргарлик ва миллий спорт турлари тўгаракларида ҳам иштирок этади. Ҳарбий қисмларда ташкил этиладиган амалий машғулотлар эса уларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаб, зарур кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади, - дейди Фарғона шаҳридаги 32-мактаб директори Зулфия Холиқова.
Маросим ўқувчиларнинг ота-оналари учун ҳам ҳаяжонли ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.
— Ўғлим Азизбек Абдумажитов кичиклигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Бугун унинг орзуси сари муҳим қадам қўйилганидан жуда хурсандмиз. Фарзандимнинг тинчлик қадрига етадиган, эл-юртига садоқатли, мард ва жасур инсон бўлиб улғайишини истаймиз, - дейди Феруза Султонова.
[gallery-31985]
Дарҳақиқат, «Жасорат мактаблари» ёшларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, уларда интизом, қатъият ва масъулият туйғуларини шакллантириш, жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ал-Фарғоний хиёбонида янграган ёшларнинг ваъдалари уларнинг Ватанга муҳаббати, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ва юксак мақсадларини намоён этди. Бундай тадбирлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни юрт равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилишга руҳлантиришда муҳим ўрин тутади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА