Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшлар ва қонун” Республика ҳуқуқий танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Миллий гвардия, Бош вазир ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур танлов “Ҳарбий-ватанпарварлик спартакиадаси” доирасида ўтказилди.

Танлов 14–18 ҳамда 18–30 ёш тоифаларида ўтказилиб, унда барча туман ва шаҳарлардан сараланган жамоалар ўзаро беллашди. Ҳар бир жамоа ҳуқуқий билимлар, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазалар, қонуний ечимлар таклиф қилиш ва амалий ҳолатлар бўйича мустаҳкам билим ва кўникмаларини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, 14–18 ёш тоифасида Мирзаобод тумани “Наврўз” маҳалласидаги “Адолат қалқони” жамоаси, 18–30 ёш тоифасида эса шу туманнинг “Деҳқонобод” маҳалласидаги “Қалқон” жамоаси 1-ўринни эгаллади.

Ғолиб жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ҳар иккала тоифадаги 1-ўрин эгалари танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмалар билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири