Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгашининг ташаббуси билан вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси, Фахрийлар кенгаши ва жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида ёш авлодда ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва масъулият туйғуларини шакллантириш, уларни тарихий хотира ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарихий-маърифий саёҳат ташкил этилди.
Тадбир қатағон қурбонлари хотирасига бағишланиб, вилоятнинг бой тарихи ва маданий меросини ўзида акс эттирувчи давлат музейларига ташриф билан уйғунлаштирилди.

Саёҳат давомида иштирокчилар тарихий обидалар ва музей экспонатлари билан яқиндан танишишди. Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган ноёб экспонатлар, архив ҳужжатлари ва тарихий далиллар ёшларда аждодларимиз жасорати ва фидойилигини чуқур ҳис этишга хизмат қилди.
Шунингдек, ёшлар Сирдарё вилоятининг урф-одатлари ва маданий мероси билан яқиндан танишиб, миллий қадриятларнинг аҳамиятини теранроқ англадилар. Тадбир иштирокчилари ўз таассуротларида бундай саёҳатлар уларнинг дунёқараши ва ҳаётий йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этишди.

– “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган бу саёҳат ёшларимиз учун катта ҳаётий дарс бўлди, – деди Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов. – Биз ёшларни тарихий хотира ва миллий қадриятлар билан таништириш орқали уларда ватанга садоқат, халққа хизмат қилиш руҳини кучайтиришни мақсад қилганмиз.
Албатта, тарихдан сабоқ олган, аждодлар жасоратидан илҳомланган ёшларгина юртимизнинг эртасига муносиб ҳисса қўша олади. Шу боис, бу каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши юксак маънавиятли, масъулиятли ва Ватан равнақига садоқатли авлодни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири