Ёшлар учун иш ва бизнес имкониятлари тақдим этилди
Боёвут туманидаги Наврўз маҳалласида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида ёшларга жами 428 та иш ўрни таклиф этилди. Унда 54 та давлат идораси, ташкилот ва муассаса 175 та бўш иш ўрни билан қатнашган бўлса, 41 та йирик иш берувчи, масъулияти чекланган жамият ва хусусий тадбиркор томонидан 253 та янги иш ўрни ҳамда истиқболли бизнес лойиҳалари тақдим этилди.
Ярмарка ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларга муносиб иш топиш, касб-ҳунар ўрганиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчиларга ваучер тизими орқали касб-ҳунар эгаллаш, шунингдек, «Тартибли миграция» дастури асосида хорижда қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби ҳақида маълумот берилди.

Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари вакиллари гидропоника усулида маҳсулот етиштириш, томчилатиб суғориш технологияси асосида иссиқхоналар ташкил этиш, интенсив боғдорчилик, паррандачилик ва асаларичилик йўналишларидаги бизнес лойиҳаларини ҳам тақдим этди.

Меҳнат ярмаркасида иштирок этган Ширин маҳалласида яшовчи Шаҳинабону Қаршибоева ҳам ўзи учун янги имкониятга эга бўлганини сўзлаб берди:
— Мен бу йил олий таълим муассасасини тамомладим ва иш излаб юргандим. Бугун туман ҳокимлиги ташаббуси билан меҳнат ярмаркаси ташкил этилганидан хабар топиб, унда иштирок этдим. Ярмарка давомида Ширин маҳалласида ёшлар етакчиси лавозими бўш эканлигини билдим. Мазкур лавозимга ишга қабул қилиш учун ўтказиладиган тест ва суҳбат жараёнлари ҳақида батафсил тушунтириш беришди. Шундан сўнг ушбу лавозимга ҳужжатларимни топширдим. Энг муҳими, бундай ярмаркалар мен каби олий таълим муассасасини тамомлаб, иш излаётган ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади.

Бундай меҳнат ярмаркалари иш берувчилар билан иш излаётган ёшлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериш ва бандликка кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, улар ёшларга нафақат иш топиш, балки касб эгаллаш, ўз салоҳиятини намоён этиш ва тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш учун ҳам кенг имконият яратади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири