“Ёшлар учун 1000 китоб” лойиҳаси – амалда
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида “Ёшлар учун 1000 китоб” лойиҳаси доирасида яна бир маънавий-маърифий ташаббус амалга оширилди. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Гулистон давлат университети Ахборот-кутубхона марказига китоблар жамланмаси тантанали равишда топширилди.
– “Ёшлар учун 1000 китоб” лойиҳаси нафақат кутубхона фондларини бойитмоқда, балки ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, уларнинг илмга бўлган қизиқишини ошириш, тафаккури ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилмоқда, – деди Сирдарё вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамов.
Мутасаддиларнинг қайд этишича, мазкур ташаббус ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни мустақил фикрлайдиган ва маънавий етук шахс сифатида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ёшлар учун 1000 китоб” лойиҳаси доирасидаги бу каби тадбирлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, таълим муассасаларининг кутубхона фондларини бойитишга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири